«Тобил» футбол клуби УЕФА Конференциялар лигасининг учинчи босқичига чиқди

«Тобил» футболчилари. «Тобил» ФК фотосурати

Қостанайнинг «Тобил» клуби Литванинг «Паневежис» жамоасини пенальтилар сериясида мағлуб этиб, УЕФА Конференциялар лигаси саралаш босқичининг учинчи даврасига йўл олди. Икки учрашув ҳам 1:1 ҳисобида якунланди, ўйиндан кейинги пенальтилар сериясида эса Қозоғистон клуби футболчилари 3:2 ҳисобида устун келди.

Биринчи учрашув 23 июль куни Литванинг Паневежис шаҳрида бўлиб ўтди. Майдон эгалари биринчи бўлим сўнггида Сейдина Кейтанинг голи билан ҳисобни очди. 60-дақиқада «Тобил» сардори Асхат Тағиберген пенальтини голга айлантира олмади. Бироқ 84-дақиқада Неманья Цавнич ҳисобни тенглаштирди — 1:1.

Жавоб учрашуви 30 июль куни Қостанай Марказий стадионида бўлиб ўтди. 33-дақиқада «Паневежис» яна олдинга чиқди: Айзек Асантенинг узатмасидан кейин Наурис Петкявичюс гол урди. «Тобил» эса биринчи бўлим тугаши арафасида ҳисобни тенглаштирди — қўшиб берилган вақтнинг учинчи дақиқасида Амин Талал Ислом Чесноковнинг узатмасидан сўнг меҳмонлар дарвозасини ишғол қилди.

Иккинчи бўлим ва қўшимча вақтда жамоалар бошқа гол ура олишмади. Икки ўйин натижасига кўра умумий ҳисоб 2:2 бўлгач, кейинги босқичга йўлланма соҳиби пенальтилар сериясида аниқланди. Унда «Тобил» 3:2 ҳисобида ғалаба қозониб, еврокубоклардаги иштирокини давом эттирди.

УЕФА Конференциялар лигаси саралашининг учинчи босқичида Қозоғистон клубининг рақиби Белграднинг «Партизан» жамоаси бўлади. Сербия клуби Люксембургнинг УНА «Штрассен» жамоасини ҳар икки учрашувда ҳам мағлуб этди — 4:0 ва 1:0.

«Партизан» ҳамда «Тобил» ўртасидаги биринчи учрашув 6 август куни Белградда бўлиб ўтади. Жавоб баҳси эса 13 август куни Қостанайда ўтказилади. Ушбу жуфтлик ғолиби УЕФА Конференциялар лигаси саралаш плей-офф босқичига йўл олади.

«Тобил» 2025 йилги Қозоғистон кубоги соҳиби сифатида еврокубокларда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган. Жамоа жорий мавсумдаги иштирокини УЕФА Конференциялар лигасининг иккинчи саралаш босқичидан бошлаган эди.

Бундан аввал Қозоғистоннинг яна икки вакили — «Астана» ва халқаро майдонда илк бор иштирок этган «Елимай» еврокубоклар билан хайрлашган эди. Ҳар икки клуб ҳам УЕФА Конференциялар лигаси биринчи саралаш босқичида мусобақани тарк этди. «Астана» сафарда Албаниянинг «Динамо Сити» жамоасини 1:0 ҳисобида мағлуб этган бўлса-да, ўз майдонида қўшимча вақтдан кейин 1:4 ҳисобида имкониятни бой берди. «Елимай» эса Арманистоннинг «Алашкерт» жамоаси билан ҳар икки учрашувда дуранг ўйнади — 1:1 ва 2:2, аммо жавоб баҳсида пенальтилар сериясида мағлуб бўлди.

Олмаотанинг «Қайрат» клуби эса анча муваффақиятли иштирок этмоқда. Жамоа УЕФА Чемпионлар лигаси саралашининг учинчи босқичига чиқди ва шу орқали камида Европа клублар мусобақаларидан бирининг гуруҳ босқичида иштирок этишни кафолатлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ