«Ўзбекнефтегаз» янги конлар ҳисобига қўшимча 887 минг куб метр газ қазиб олади

«Ўзбекнефтегаз» акциядорлик жамияти жорий йил август ойида 27 та янги қудуқни ишга туширишни режалаштирмоқда. Шу билан бирга, «Янги Култак», «Ниёз», «Қоратау», «Марварид» ва «Тегирмон» конларини ўзлаштириш ҳисобига корхона қўшимча равишда 887 минг куб метр табиий газ қазиб олиш имкониятига эга бўлади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевга аҳоли ва бизнесни углеводород ресурслари билан узлуксиз таъминлаш масалаларига бағишланган йиғилишда маълум қилинди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.

Қайд этилишичка, мамлакатимизда саноат қувватлари кенгайиб, аҳоли эҳтиёжлари ортиб бораётгани табиий газ ва нефть маҳсулотларига талабни оширмоқда. Бундай шароитда республика ички бозорини мазкур маҳсулотлар билан барқарор таъминлаш, эҳтиёжларни олдиндан ҳисобга олиш ва нархларнинг асоссиз ошишига йўл қўймаслик ниҳоятда муҳим.

Давлат раҳбари нефть-газ соҳасининг ҳолати учун масъул мансабдорларга тармоқлар ва ҳудудларнинг эҳтиёжларини аниқ ҳисоб-китоб қилиш ҳамда етказиб бериш жадвалларига қатъий риоя этишни топширди.

Шунингдек, қудуқларни бурғилашдан тортиб, уларни газ ташиш тизимига улашгача бўлган барча жараёнларни ҳар куни назорат қилиш муҳимлиги таъкидланди. Бундан ташқари, бугунги кунда нефть-газ соҳасидаги корхоналарни хомашё билан бир маромда таъминлаш, мавжуд қувватлардан самарали фойдаланиш ва республика ички бозорида юқори талабга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш зарур.

Углеводород ресурсларини ҳудудларга ўз вақтида ва етарли миқдорда етказиб бериш, захираларни олдиндан шакллантириш, маҳсулотни қазиб олиш, ташиш ва реализация қилиш билан шуғулланувчи компанияларнинг ҳамжиҳатликда ишлашини таъминлаш зарурлиги қайд этилди.

Йиғилишда нархлар барқарорлигини сақлаш учун бозордаги таклиф ҳажмини барқарор даражада ушлаб туриш, маҳсулотларни талабдан келиб чиққан ҳолда биржа савдоларига чиқариш, шунингдек, ишлаб чиқариш ва логистика харажатларини қисқартириш лозимлиги таъкидланди. Шу муносабат билан президент тегишли идораларга ресурслар етказиб беришни асоссиз чеклаш, сунъий тақчиллик яратиш ва нархларни сунъий равишда оширишга қаратилган ҳаракатларга йўл қўймаслик устидан самарали назорат ўрнатишни топширди.

Ички бозорда талаб ва таклиф мувозанатини сақлаш, углеводород ресурслари таъминотида узилишларга ҳамда нархларнинг асоссиз ўсишига йўл қўймаслик мақсадида “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятига нефть ва газ қазиб чиқариш бўйича белгиланган прогноз кўрсаткичларини сўзсиз таъминлаш вазифаси қўйилди. Суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳажмини йил якунига қадар режадаги 520 минг тонна ўрнига 606 минг тоннага етказиш топширилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ