Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги 2026 йилнинг биринчи ярмида мамлакатдан 29 трлн сўм (2,4 млрд доллар) маблағнинг ноқонуний четга чиқиб кетишининг олдини олди, шунингдек, 18,8 мингдан ортиқ шубҳали банк картасини блоклади. Вазирлик матбуот хизматининг аниқлик киритишича, бунга республика Марказий банки билан ҳамкорликда яратилган махсус тизимни жорий этиш орқали эришилган.
Жорий йилнинг дастлабки икки чорагида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисобот ИИВ ҳайъатининг Ички ишлар вазири Азиз Ташпулатов раислигида ўтказилган йиғилишида тақдим этилди.
Вазирлик тизимида 2026 йил «Кибержиноятчиликка қарши кураш йили» деб эълон қилингани сабабли, асосий эътибор айнан шу йўналишга қаратилган. Ҳисобот даврида жами 9 282 та кибержиноят фош этилган, 4 011 та жиноят ташаббус асосида аниқланган ва 13 мингдан ортиқ фуқароларга етказилган қарийб 120,5 млрд сўмдан (10,1 млн доллар) сўмдан зиёд моддий зарар қайтарилган.
Шунингдек, аҳоли ўртасида тарғибот ишлари ҳам олиб борилган, бироқ вазирлик раҳбарияти ходимларни бу жараёнга етарлича эътибор қаратмаётгани учун танқид қилди. Аҳолининг мурожаатларини янада пухта ўрганиш, кибержиноятчилик сабаблари ва унинг содир этилишига замин яратаётган омилларни таҳлил қилиш муҳимлиги таъкидланди. Шу билан бирга, ички ишлар органлари ходимларининг мазкур соҳадаги кўникмаларини ошириш зарурати муҳокама қилинди.
ИИВ фаолиятининг бошқа жиҳатлари ҳам кўриб чиқилди. Йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда 125 мингдан ортиқ оммавий тадбир ўтказилиб, улар давомида ички ишлар органлари ходимлари 70 млн нафар фуқаронинг хавфсизлигини таъминлаган. Шунингдек, ҳисобот даврида жиноятларнинг 87 фоизи олдиндан бартараф этилган. Вазирлик матбуот хизматининг таъкидлашича, бу жиноятларни прогноз қилишнинг самарали механизми йўлга қўйилганидан далолат беради. Қидирувда бўлган 5 мингдан ортиқ шахс ушланган, бедарак йўқолган деб ҳисобланган қарийб 2,6 минг фуқаро топилиб, оилаларига қайтарилган.
Камчиликлар ҳам муҳокама қилинди. Масалан, вазирлик маълумотларига кўра, ҳудудлардаги криминоген вазиятни баҳолаш бўйича 476 та маҳалла ҳамон «қизил» тоифада қолмоқда. Аҳоли томонидан ички ишлар органларига келиб тушган 205 мингдан ортиқ мурожаатнинг қарийб 88 фоизи қаноатлантирилган. Шу билан бирга, мурожаатларнинг атиги 0,9 фоизи қонунчиликда белгиланган асосларга кўра кўриб чиқилмаган.
Йиғилиш якунига кўра, ИИВ ҳайъати республикада криминоген вазиятни барқарорлаштиришдаги «жиддий камчиликлар учун» шаҳар ва туман ички ишлар органларининг олти нафар раҳбарини, шунингдек, яна бир қатор ходимларни лавозимидан озод қилди. Яна бир гуруҳ офицерларга интизомий жазо чоралари қўлланди.
Шу билан бирга, жиноятларнинг олдини олиш бўйича энг яхши натижаларга эришган ҳудудий бошқармалар раҳбарлари рағбатлантирилди.



