Хитой Миллий нефть ва газ корпорацияси (CNPC) Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги «25 йил мустақиллик» (М-25) газ конида авария оқибатларини бартараф этиш бўйича амалий ишларга киришди. Бу ерда 2024 йил сентябридан буён газ чиқиши давом этмоқда. Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот котиби Мўмин Ибодов маълум қилди.
Ишлар 2026 йил 15 августда бошланди. Шу куни «Ўзбекнефтгаз» бошқарув раиси Абдуғани Сангинов, Бойсун тумани ҳокими Баходир Шукуров ва CNPC вакиллари кон яқинида жойлашган Қафрун қишлоғи аҳолиси билан учрашди. Томонлар аварияли қудуқни ёпиш режаси ва хавфсизлик чораларини муҳокама қилди.
Ишларни CNPCнинг «CCDC» (Chuanqing Drilling Engineering Company Limited) шўба корхонаси амалга оширмоқда. Хитойлик пудратчини танлаш Россия («Роснефть»), АҚШ (Schlumberger) ва Жанубий Корея компанияларининг таклифлари ўрганиб чиқилганидан сўнг амалга оширилди. «Ўзбекнефтгаз» раҳбари Абдуғани Сангиновнинг сўзларига кўра, техник ечим нуқтаи назаридан CNPC таклифи энг мақбул деб топилган. Сангинов хитой компанияси билан ҳисоб-китоблар молиявий асосда амалга оширилишини, бунинг учун табиий ресурслар берилмаслигини таъкидлади.
«Ўзбекнефтегаз» маълум қилишича, 2026 йил охирига қадар Хитой ва бошқа давлатлардан Бойсунга 40 дан ортиқ махсус техника бирлигини олиб келиш режалаштирилган. Улар орасида таркибида водород сульфиди миқдори юқори бўлган газ билан ишлаш имконига эга бурғилаш қурилмалари ҳам бор. Бурғилаш ишларини 2027 йил январь ойида бошлаш ва қўшимча тўртта қудуқ қазиш режалаштирилмоқда.
Авариявий қудуқни тўлиқ ёпиш 2027 йил июль ойига қадар якунланиши кутилмоқда.
2026 йил февраль ойи охирида Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев халқаро ҳамкорлар билан биргаликда аварияни бартараф этиш бўйича илмий ечим топилганини маълум қилганди. «Биз аварияни ҳам тўхтатамиз, Сурхондарё иқтисодиётига кучли туртки берадиган лойиҳани ҳам бошлаймиз», — деган эди давлат раҳбари.
М-25 кони Ўзбекистонда ҳали ўзлаштирилмаган энг йирик газ кони ҳисобланади. Унинг захиралари 150–170 млрд куб метр газга баҳоланади, унинг катта қисмида водород сульфиди юқори концентрацияда мавжуд. Конни ўзлаштириш газни қайта ишлаш мажмуасини қуришни назарда тутади.
Объект Бойсун шаҳридан 20 км узоқликда жойлашган. Унинг ўзлаштирилишига Ўзбекистон ҳукумати 2017 йил апрель ойида инвесторлар консорциуми билан маҳсулот тақсимоти тўғрисида битим имзолагандан сўнг киришилган. Акциядорлар — Altmax Holding (Кипр), «Ўзбекнефтегаз» ва Gas Project Development Central Asia (Россия). Оператор вазифасини Surhan Gas Chemical Operating Company бажаради.
Лойиҳанинг умумий қиймати 5,8 млрд долларга баҳоланган. Фақат газ-кимё мажмуасига қарийб 2 млрд доллар инвестиция киритиш режалаштирилган. 2021 йилда Россиянинг ВЭБ.РФ ва «Газпром» компаниялари Сурхондарёдаги кон инфратузилмаси учун техника ва хизматлар етказиб беришга 900 млн доллар миқдорида кредит ажратган.
Кондаги авария 2024 йил 1 сентябрда юз берган. №604-қудуқда бурғилаш ишлари вақтида таркибида водород сульфиди юқори бўлган газ сизиб чиқа бошлаган. Яқин ҳудудларда яшовчи аҳоли эвакуация қилинган. Аварияни бартараф этиш ишлари 15 сентябрга қадар давом этган, аммо 17 сентябрь куни газ чиқиши яна бошланган. Кейин юз берган портлаш оқибатида тўрт киши ҳалок бўлган, яна 11 киши жароҳат олган.
2025 йил март ва май ойларида коннинг бошқа — №202-қудуғида таркибида водород сульфиди юқори бўлган газ чиқиши қайд этилган. Газ тарқалишининг олдини олиш учун уни назорат остида ёқиш ишлари олиб борилган. Ўша пайтда Энергетика вазири лавозимида ишлаган Жўрабек Мирзамаҳмудов воқеани Ўзбекистон тарихидаги энг йирик олтита техноген авариядан бири, деб атаганди.



