Тошкентда Ислом цивилизациясига бағишланган халқаро медиафорум бўлиб ўтади

Ислом цивилизацияси маркази. ИЦМ фотосурати

24 августдан 29 августга қадар Тошкентда «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар» халқаро медиафорум бўлиб ўтади. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.

Тадбирнинг асосий майдони Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бўлади. Форумда хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, халқаро экспертлар ҳамда медиа соҳаси мутахассислари иштирок этади.

Дастурдан ялпи мажлислар, тематик кўргазмалар, матбуот брифинглари ва икки томонлама учрашувлар ўрин олган. Иштирокчилар ҳужжатли кино, тарихий хотирани сақлаш, нашриёт лойиҳалари, замонавий технологиялар ва медиа соҳасидаги халқаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилади.

Ўзбекистонлик талабалар учун журналистика ва медиа контент ишлаб чиқариш бўйича хорижий мутахассислар иштирокида маҳорат дарслари ўтказилади.

27 август куни иштирокчиларнинг Самарқандга сафари режалаштирилган. Улар Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиб, шаҳарнинг тарихий-маданий мероси билан танишади. Хорижий журналистлар учун Тошкент бўйлаб медиатур ташкил этилади.

Форум 28 август куни якуний ялпи мажлис ва тантанали ёпилиш маросими билан ўз ишини якунлайди. Хорижлик меҳмонлар, Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тадбирларда ҳам иштирок этади.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилди. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 550 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ