Қозоғистон интернет-журналистикаси фахрийси Юрий Мизинов вафот этди

Юрий Мизинов. kaztag.kz сайти фотосурати

77 ёшида Қозоғистон журналистикаси фахрийси — Қозоғистон фахрий журналисти Юрий Мизинов вафот этди. Бу ҳақда Ratel.kz нашри хабар берди. Мизиновнинг касбий фаолиятининг катта қисми «Навигатор» интернет-газетаси (у асосчилардан бири бўлган) ва унинг вориси — ZonaKZ сайти билан боғлиқ бўлган. У бу ерда бош муҳаррир лавозимида ишлаган.

Юрий Мизинов 1950 йил 18 январда Уралск шаҳрида туғилган. Қарағанда политехника институтини «муҳандис-иқтисодчи» мутахассислиги бўйича тамомлаган. Қарағанда вилояти статистика бошқармаси ва лойиҳа ташкилотларида ишлаган. 1991–1992 йилларда «Сари-Арқа» телекомпаниясига раҳбарлик қилган.

Кейинчалик Мизинов «Зебра», «Колесо», «Грач» ва «451º по Фаренгейту» газеталарида бош муҳаррир бўлган.

2000 йил январь ойида Жанибек Сулеев ва Айгул Омарова билан биргаликда «Навигатор» интернет-газетасини ишга туширган. Кейинчалик таҳририятга Гимран Ергалиев ҳам қўшилган. 2006 йил май ойида нашр ZonaKZ деб номланган.

«Навигатор», кейинчалик эса ZonaKZ Қозоғистон интернетида ижтимоий-сиёсий журналистика энди шаклланаётган даврда фаолият юритган. Нашрлар янгиликлар, интервьюлар, таҳлилий материаллар ва матбуот шарҳларини эълон қилган, сиёсат ва жамият ҳаётини ёритган ҳамда турли қарашларга эга муаллифлар учун майдон яратган.

2020 йилда Юрий Мизинов фуқаролик жамиятини ривожлантиришдаги хизматлари ва қўшган ҳиссаси учун Қозоғистон Журналистлар уюшмасининг олтин медали билан тақдирланган. У, шунингдек, Журналистлар уюшмаси мукофоти лауреати ва «Қозоғистон фахрий журналисти» кўкрак нишони соҳиби бўлган.

2025 йил 1 февраль куни ZonaKZ ўз фаолиятини тўхтатди.

«Фарғона» таҳририяти Юрий Мизиновнинг яқинлари, қариндошлари, дўстлари ва ҳамкасбларига чуқур таъзия билдиради.