Халқаро экспертлар Марказий Осиёда сув захиралари қисқараётганини қайд этишди

eurasia.expert сайти фотосурати

Марказий Осиё ҳудудида сўнгги бир неча йил давомида дарёлар оқими камайиши, қуруқликдаги сув захираларининг қисқариши ва музликлар массасининг сезиларли даражада йўқотилиши кузатилган. Бу ҳақда Жаҳон метеорология ташкилотининг (ЖМТ) дунёдаги сув ресурсларининг ҳолатига бағишланган ҳисоботида айтилган, деб хабар беради «Азия-Плюс».

Халқаро ташкилот таҳлилчилари 2021–2025 йиллар давридаги сув билан боғлиқ вазиятни ўрганиб, кўрсаткичларни 1991–2020 йиллардаги маълумотлар билан таққослаган. Экспертлар баҳосига кўра, сўнгги йилларда Тожикистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Афғонистондаги сув омборларига сув келиши сезиларли даражада камайган.

Ҳисоботда қайд этилишича, Марказий Осиё дарёлар оқими меъёрдан паст ёки сезиларли даражада паст бўлган ҳудудлар рўйхатига киритилган. Хусусан, минтақанинг асосий дарё тизимларини қамраб олган Орол денгизи ҳавзасида вазият айниқса оғирлигича қолмоқда.

Умуман олганда, 2021–2025 йиллар даври 1991 йилда кузатувлар бошланганидан буён дарёлар учун энг қуруқ даврлардан бири бўлди. ЖМТ маълумотларига кўра, дарё ҳавзаларининг қарийб 40 фоизида сув оқими меъёрдан паст бўлган. Сув ҳавзаларининг 36 фоизида кўрсаткич меъёр даражасида бўлган, атиги 21 фоизида эса меъёрдан юқори қайд этилган.

Дарёлар, кўллар, сув омборлари, тупроқ, қор ва музликлар ресурсларини ўз ичига олувчи қуруқликдаги сув захиралари бўйича ҳам Марказий Осиёда вазият яхши эмас. Кўрсаткич иккинчи йилдирки, меъёрдан паст ёки сезиларли даражада паст даражада қолмоқда. Бироқ, бу бутун дунёда кузатилаётган тенденциядир. ЖМТ таҳлилчилари ўрганган жаҳон ҳудудларининг 42 фоизида шунга ўхшаш вазият кузатилмоқда.

Минтақадаги музликлар массаси баланси кузатувлар тарихидаги энг салбий кўрсаткичлар учлигига кирди. Бу тоғли ҳудудларда тўпланганидан кўра кўпроқ муз йўқотилганини англатади. Шу каби ҳолат Жанубий Осиёнинг ғарбий қисмида, Россия Арктикасида, Исландияда, Канаданинг ғарбий қисми ва АҚШда ҳам қайд этилган.

2023–2025 йилларда дунё бўйича музликларнинг умумий йўқотишлари қарийб 1400 гигатонна сувни ташкил этган.

Шунингдек, сўнгги беш йилда дунёдаги тоғ музликлари денгиз сатҳидан юқорида жойлашган муз массасининг 6,2 фоизини йўқотгани қайд этилган. Ваҳоланки, Марказий Осиёдаги дарё ҳавзалари умумий оқимининг ярмидан кўпи қор ва муз ҳисобига шаклланади.

Тадқиқот натижаларини умумлаштирган ҳолда, ЖМТ экспертлари XXI аср охирига келиб минтақа мамлакатлари дунёдаги музликлардан ёзги сув оқимининг энг катта қисқаришларидан бирига дуч келиши мумкин, деган хулосага келган.

Шу муносабат билан халқаро ташкилот барча давлатлар ҳукуматларини вазиятни биргаликда мониторинг қилишни, ахборот алмашишнинг ягона стандартлари ва эрта огоҳлантириш тизимларини ривожлантиришга чақиради. Бундай механизмлар беқарор ва олдиндан айтиб бўлмайдиган глобал сув айланишига самарали жавоб бериш учун зарур.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ