Амир Темур ва Темурийлар Ренессансига бағишланган халқаро симпозиум 6–7 октябрь кунлари Анқара шаҳрида бўлиб ўтади. Бу ҳақда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази матбуот хизмати хабар берди.
Тадбир ташкилотчилари — Туркия Фанлар академияси (TÜBA), Анқара Йилдирим Боязид университети, Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси ва Темурийлар тарихи давлат музейи.
Симпозиум иштирокчилари Амир Темур шахсияти, шунингдек, Темурийлар даврининг илм-фан, маданият ва санъат ривожига таъсирини муҳокама қилади. XIV–XV асрларда Марказий Осиёда юз берган илмий ва маданий юксалишга алоҳида эътибор қаратилади.
Таъкидлаш жоиз, 2026 йилда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги нишонланмоқда. Ўзбекистонда юбилей муносабати билан қатор илмий ва маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Жумладан, 9–10 апрель кунлари Ислом цивилизацияси марказида Ўзбекистон Фанлар академияси билан ҳамкорликда Амир Темурга бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ва хориждан олимлар ҳамда Темурийлар даври тарихи бўйича мутахассислар иштирок этди. Иштирокчилар Амир Темур давлати ва Темурийлар меросининг Марказий Осиё ҳамда бошқа минтақалар тарихидаги, илм-фан ва маданиятдаги ўрнини муҳокама қилдилар.
ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилди. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 550 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.



