Тўқаев яна бир бор Россия ва Украина ўртасидаги урушни музлатиш зарурлигини тилга олди

Қозоғистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни музлатиб, музокараларга ўтиш зарур, деб ҳисоблашини маълум қилди. Бу ҳақда у Германия канцлери Фридрих Мерц билан ўтказган матбуот анжуманида айтди, деб хабар беради Оқўрда.

«Албатта, Украинада содир бўлаётган воқеалардан барчамиз хавотирдамиз. Мен бошиданоқ Қозоғистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Устави қоидаларига амал қилишини таъкидлаб келганман. Биз барча давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги тамойили ҳурмат қилиниши ва сақланишини талаб қиламиз. Биз бошиданоқ украин халқи, унинг тарихи, маданияти, анъаналари ва, албатта, украин тилига катта ҳурмат билан муносабатда эканимизни айтганмиз. Мен урушни зудлик билан тўхтатиш керак, деб айтмаганман. Бугунги шароитда бу, эҳтимол, реал эмаслигини тушунаман. Мен Украина ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларни музлатиш ва шу орқали дипломатик ёки бошқа турдаги музокаралар жараёнига ўтиш ҳақида гапиряпман», — деди Тўқаев ARD телеканали мухбири Демиан фон Остеннинг саволига жавоб бераркан. Журналист Қозоғистон раҳбаридан Омскда билдирган урушни музлатиш зарурлиги ҳақидаги баёнотига изоҳ беришни, шунингдек, Россиядаги жорий вазиятга баҳо беришни сўраган эди.

Саволнинг иккинчи қисмига жавоб берар экан, Тўқаев шундай деди: «Бугун мен етарлича қатъий ишонч билан айтаманки, президент Путин давлат арбоби, Россия раҳбари сифатида — бу сизга, эҳтимол, ғалати эшитилиши мумкин — Марказий Осиё, жумладан, Қозоғистон учун ҳам, Европа ва бутун дунё учун ҳам энг мақбул сиёсий шахсдир. Мен уни жуда яхши биламан. У мураккаб тарихга эга, стратегик мақсадларни ўзича англайдиган улкан давлат раҳбари учун зарур бўлган энг муҳим фазилатларга эга».

Тўқаевнинг ушбу иқтибоси унинг матбуот хизмати томонидан айнан шу шаклда келтирилган. Шу билан бирга, Россиянинг ТАСС ахборот агентлиги Тўқаев Путинни «айтиш мумкинки, буюк давлат арбоби» деб атаганини қўшимча қилади.

Қозоғистоннинг «Қазинформ» давлат ахборот агентлиги Тўқаевнинг ўша матбуот анжуманида айтган яна бир фикрини келтирган. Унда президент Россия ва Қозоғистон ўртасидаги 7597 километрлик чегара, шунингдек, республика ҳудудида 2,7 миллион нафар рус миллатига мансуб фуқаро истиқомат қилиши ва православ черкови кенг фаолият юритаётганини эслатган.

«Шунинг учун ушбу жиҳатларнинг барчасини ҳисобга олиш керак. Шошма-шошарлик билан кескин қарорлар қабул қилиб бўлмайди. Қозоғистонга тинчлик ва барқарорлик керак. Бусиз биз ҳеч қачон муваффақиятли мамлакат бўла олмаймиз. Ҳозирда биз ўз тараққиётимизда сезиларли муваффақиятларга эришмоқдамиз. Рақамлар бу олдинга силжишни етарлича ишонарли кўрсатиб турибди. Шунинг учун мен президент сифатида мамлакатимда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, шунингдек, Қозоғистон билан қўшни ҳудудда тинчликка эришиш ва урушни тўхтатишга қўлимдан келганича ҳисса қўшиш учун барча имкониятларни ишга соламан», — дея хулоса қилади у.

Илгари ҳам Тўқаев Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни музлатишни таклиф қилган эди. У бу ҳақда июль ойи охирида Омскда Путин билан учрашуви чоғида гапирганди. Бунга жавобан Россия раҳбари унга ҳарбий операциянинг бориши ҳақида батафсил маълумот берган. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, Путин Киев позициясини ҳисобга олган ҳолда, «амалда музлатишнинг иложи йўқ»лигини ҳам таъкидлаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ