Тожикистон чегара назорати учун АҚШдан олтита учувчисиз авиация тизимини олди

АҚШнинг Тожикистондаги элчихонаси матбуот хизмати фотосурати

Америка Қўшма Штатлари Тожикистон Миллий гвардиясига республика чегаралари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида умумий қиймати 2,3 миллион доллар бўлган олтита учувчисиз авиация тизимини (УАТ) топширди. Бу ҳақда АҚШнинг Душанбе шаҳридаги элчихонаси хабар берди.

2 октябрь куни бўлиб ўтган УАТларни топшириш маросимида АҚШнинг Тожикистондаги муваққат ишлар вакили Жоэл Ортес ҳамда Миллий гвардия қўмондонининг биринчи ўринбосари, генерал-майор Баҳриддин Азаматзода иштирок этди.

Учувчисиз авиация тизими — нафақат учувчисиз учиш аппарати (дрон), балки ердаги бошқарув станцияси, алоқа каналлари, учириш ва қўндириш ускуналари, шунингдек, дастурий таъминотни ҳам ўз ичига олган мажмуа ҳисобланади.

Элчихона маълум қилишича, учувчисиз тизимлар Тожикистон Миллий гвардиясига терроризмга қарши операцияларни қўллаб-қувватлаш мақсадида узлуксиз мониторинг олиб бориш имконини беради.

«Ушбу ускуналар оддий ресурслар топширилишидан кўра кўпроқ нарсани англатади. Улар кўп йиллар давомида мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни тавсифлаб келган ишонч, ҳамкорлик ва умумий мақсадларни акс эттиради», — деди маросимда Ортес.

Хабарда, шунингдек, Америка бизнес ҳамжамияти Тожикистонга УАТлардан фойдаланиш ва уларнинг самарадорлигини оширишда ёрдам бериш учун маҳсулот ва хизматлар тақдим этишга тайёр экани қайд этилган.

Дипломатик миссия маълумотларига кўра, 1992 йилдан буён АҚШ Тожикистонга хавфсизлик соҳасида 600 миллион доллардан ортиқ ёрдам кўрсатган. Икки давлатнинг ушбу соҳадаги ҳамкорлиги ҳарбий хизматчиларни тайёрлаш, ускуналар етказиб бериш ва инфратузилмавий лойиҳаларни ўз ичига олади. Жумладан, аввалроқ Америка томони Тожикистон чегара қўшинлари ва Мудофаа вазирлигига ҳарбий автомобиллар, ядровий ва радиоактив материалларнинг ноқонуний айланмасини аниқлаш учун махсус ускуналар ўрнатилган машиналар, шунингдек, бронежилетлар, тоғли ҳудудларда операциялар ўтказиш учун жиҳозлар ва бошқа воситаларни топширган. АҚШ, шунингдек, куч тузилмалари учун объектлар қурилишини молиялаштирган, Тожикистон-Афғонистон чегарасида ўндан ортиқ чегара постини қурган ёки таъмирлаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ