Ўзбекистон МИБ: «Док-1 Макс» иши бўйича жабрланганларга қарийб 17 миллиард сўм тўланди

«Док-1 Макс» сиропидан заҳарланиш орқали жабрланганларга жами 16,7 миллиард сўм (тахминан 1,4 миллион доллар) тўлаб берилган. Шу билан бирга, суд қарорлари билан ундирилиши белгиланган маблағнинг умумий миқдори 78 миллиард сўмни (6,5 миллион доллар) ташкил этади. Бу ҳақда Daryo Ўзбекистон Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига (МИБ) таяниб хабар берди.

Шу тариқа, МИБ «Док-1 Макс»дан жабрланганларга компенсациялар тўланмаётгани ҳақидаги хабарларга изоҳ берган. 2025 йил октябрь ойида бир гуруҳ ота-оналар Ўзбекистон президентига мурожаат қилиб, тўловлар бўйича суд қарорларининг тўлиқ ижро этилишини таъминлашни сўраган эди.

Бюро аниқлик киритишича, ижро ишлари 85 нафар фуқаро фойдасига Сардор Кариев ва бошқа шахслардан етказилган зарарни ундириш билан боғлиқ. Ундирув ишлари доирасида Кариевга тегишли Тошкентдаги кўчмас мулк объектлари хатланган ва онлайн-аукционга қўйилган. Жумладан, Бешёғоч маҳалласидаги Фурқат кўчасида жойлашган нотурар бино 793 миллион сўмга (66 минг доллар) сотилган. Қатортол кўчасидаги қиймати 7,1 миллиард сўмга (591 минг доллар) баҳоланган турар жойлар эса ҳозирча сотилмаган, улар бўйича савдолар давом этмоқда.

Жабрланганларга тўловлар аукциондаги савдолардан тушган маблағлар, шунингдек, Кариев оила аъзолари томонидан киритилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилган. Ушбу маблағлар ундирувчилар ўртасида тенг тақсимланган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил охирида Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси ишлаб чиқарган «Док-1 Макс» сиропи туфайли болаларнинг оммавий заҳарланиши юз берганди. Дори таркибидан заҳарли этиленгликоль моддаси аниқланган. Расмий маълумотларга кўра, 69 нафар бола вафот этган, яна 16 нафар бола ногирон бўлиб қолган. 2024 йил февраль ойида Тошкент шаҳар суди иш бўйича 23 нафар айбланувчига нисбатан ҳукм чиқарганди. Дистрибьютор компания Quramax Medical раҳбари, Ҳиндистон фуқароси Рагвендра Пратар 20 йилга, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг собиқ директори Сардор Кариев 18 йилга, унинг ўринбосарлари эса 16 йилдан озодликдан маҳрум қилинган.

Суд, шунингдек, айрим маҳкумлардан жабрланганлар фойдасига компенсация ундириш ҳақида қарор чиқарган. Гап 68 та ўлим ҳолатининг ҳар бири ва оғир асоратлар билан кечган тўрт ҳолат учун 1 миллиард сўмдан (83 минг доллар), аҳволи қониқарли бўлган тўрт нафар боланинг оилалари учун 500 миллион сўмдан (41,6 минг доллар) ҳамда соғайиб кетган саккиз нафар бола учун 200 миллион сўмдан (16,6 минг доллар) ундириш ҳақида борган.

2024 йил май ойида Фармацевтика агентлигининг собиқ директори Сардор Кариевнинг онаси Мунира Кариева ўғлини озод қилиш эвазига ҳалок бўлган ва жабрланган болаларнинг яқинларига 75,6 миллиард сўм (тахминан 6 миллион доллар) ажратишга тайёрлигини билдирган — маблағ уч йил давомида тўланиши керак бўлган. У суднинг депозит ҳисобварағига 2,5 миллиард сўм (200 минг доллар) киритган. Бироқ, июль ойида апелляция суди биринчи инстанция ҳукмини ўзгаришсиз қолдирган ва Кариева томонидан киритилган маблағларни ҳалок бўлган ва жабрланган болаларнинг қонуний вакиллари ўртасида тенг тақсимлашга қарор қилган.