Ўзбекистон ва Туркманистон президентлари — Шавкат Мирзиёев ва Сердар Бердимуҳамедов — 8 октябрь куни бўлиб ўтган учрашувда Олий даражадаги стратегик шериклик кенгашини тузиш тўғрисидаги битимни имзоладилар. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда таъкидланишича, мазкур шартнома « сиёсий мулоқотни янада чуқурлаштириш ҳамда устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш учун мустаҳкам институционал асос яратади».
Учрашув давомида томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорликдаги ижобий динамикани қайд этдилар. Йил бошидан буён товар айирбошлаш ҳажми барқарор ўсиб бормоқда, «Шовот — Тошовуз» чегараолди савдо зонаси самарали фаолият кўрсатмоқда. Ўзаро савдо ҳажмини бир неча баробар ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси ҳамда саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги каби соҳаларда Кооперация дастурини қабул қилиш ва уни икки мамлакат ҳудудлари даражасида ҳам амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.
Шавкат Мирзиёев 7 октябрь куни Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашуви ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ)нинг навбатдаги саммитида иштирок этиш учун Туркманистонга келган эди.



