9 октябрь куни Туркманистонда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) ташкил этилганининг 35 йиллигига бағишланган саммит бўлиб ўтди. Иштирокчи давлатлар президентлари бир қатор ҳужжатларни тасдиқладилар. Улар орасида ташкилотнинг жаҳон ахборот маконидаги ижобий имижини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарор ҳам бор. Бу ҳақда МДҲнинг расмий сайти хабар берди.
Ушбу қарорни қабул қилиш ташаббуси Тожикистон томонидан илгари сурилган. БМТ ва МДҲ уставларига асосланган ҳужжат ахборот ва рақамли маконда Ҳамдўстлик имижига зарар етказиши мумкин бўлган ҳаракатларнинг олдини олишга қаратилган. Мамлакатлар МДҲ имижини ҳимоя қилиш, уни тарғиб этишда бир-бирига кўмаклашиш ҳамда Ҳамдўстлик ва унинг фуқароларига нисбатан салбий муносабатни келтириб чиқариши мумкин бўлган ахборотларни тарқатмаслик мажбуриятини олдилар. Шунингдек, радикализмга чақирувчи, миллатлараро ва динлараро адоватни қўзғатувчи мазмундаги контентни тарқатиш тақиқланиши алоҳида белгилаб қўйилган.
Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов раислигида ўтган саммитда иштирокчи яна саккизта давлат раҳбари қатнашди. Улар — Илҳом Алиев (Озарбайжон), Александр Лукашенко (Беларусь), Қосим-Жомарт Тўқаев (Қозоғистон), Садир Жапаров (Қирғизистон), Владимир Путин (Россия), Эмомали Раҳмон (Тожикистон), Шавкат Мирзиёев (Ўзбекистон), Арманистон Бош вазири Никол Пашинян, шунингдек, МДҲ Бош котиби Сергей Лебедев.
Тор доирадаги йиғилишни очар экан, Сердар Бердимуҳамедов объектив қийинчиликларга қарамай, Ҳамдўстлик ҳамкорлик пойдеворини сақлаб қолишга ва унинг ўзаро манфаатли хусусиятини таъминлашга эришганини таъкидлади.
«Савдо-иқтисодий алоқалар изчил ривожланмоқда, айниқса, сўнгги йилларда умумий товар айирбошлаш ҳажмида ижобий ўсиш суръатлари кузатилмоқда, сиёсий-дипломатик ҳамкорликнинг мазмунли кун тартиби кенгаймоқда», — деди Бердимуҳамедов.
Қосим-Жомарт Тўқаев МДҲни 2035 йилгача ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқишни таклиф қилди. Унинг таъкидлашича, амалдаги Концепция 2007 йилда тасдиқланган ва олти йил аввал янгиланган, кейинги дастурлар эса «кўпинча бир-бири билан мувофиқлаштирилмаган». Шунингдек, у 2027–2030 йилларга мўлжалланган МДҲнинг устувор саноат-технологик лойиҳалари портфелини шакллантириш ташаббусини илгари сурди ҳамда 2027 йилнинг биринчи чорагида Остонада МДҲ шафелигида сунъий интеллект бўйича махсус форум ўтказишни таклиф қилди. Тўқаев ўтган йил якунларига кўра, Қозоғистоннинг МДҲ мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми қарийб 40 миллиард АҚШ долларини ташкил этганини, жорий йилнинг дастлабки етти ойида эса бу кўрсаткич 10 фоизга ошганини маълум қилди.
Владимир Путиннинг айтишича, 2025 йил якунларига кўра, Россиянинг МДҲдаги ҳамкорлари билан товар айирбошлаш ҳажми 110 миллиард доллардан ошган, жорий йилнинг биринчи ярмида эса яна 12 фоизга ўсган. У Ҳамдўстлик давлатлари ўртасидаги тижорат операцияларида миллий валюталар улуши 90 фоиздан ошганини таъкидлади.
«Янада тезроқ ҳаракат қилиш мумкинми? Ҳа, мумкин. Бунинг учун нима қилиш керак? Тўсиқларни бартараф этиш керак», — деди Путин. Шу билан бирга, у миллий даражада айрим чекловларни сақлаб қолиш баъзан манфаатлироқ бўлишини ва бу интеграция суръатларини онгли равишда секинлаштиришини тан олди.
Шавкат Мирзиёев оддий товар алмашинувидан тўлиқ қиймат занжирларини биргаликда яратишга ўтиш зарурлигини таъкидлади. У озиқ-овқат маҳсулотлари ва ўғитлар экспортига чекловлар жорий этилишидан олдин олдиндан хабардор қилиш ва маслаҳатлашувлар ўтказиш механизмини жорий этишни таклиф қилди. Шунингдек, у Ички ишлар вазирлари кенгашига трансчегаравий кибержиноятларга тезкор жавоб қайтариш учун МДҲнинг Қўшма алоқа марказини ташкил этиш чораларини ишлаб чиқишни топшириш ташаббусини илгари сурди.
Эмомали Раҳмон Душанбе томонидан 2027–2036 йилларни келажак авлодлар манфаати йўлида тинчликни мустаҳкамлаш бўйича Халқаро ўн йиллик деб эълон қилиш ташаббусини эслатди. Ушбу ташаббус жаҳон ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланган. Раҳмоннинг маълум қилишича, 2027 йил июнь ойида Душанбе шаҳрида мазкур ўн йилликнинг расмий очилишига бағишланган юқори даражадаги халқаро конференция ўтказиш режалаштирилган. У МДҲ мамлакатларини ушбу тадбирда фаол иштирок этишга чақирди.
Садир Жапаров МДҲ давлатлари раҳбарларини 2027 йил октябрь ойида Қирғизистонда бўлиб ўтадиган «Бишкек+25» иккинчи Глобал тоғ саммитида иштирок этишга таклиф қилди. Маданий-гуманитар ҳамкорлик доирасида у 2028 йилда қирғиз адабиётининг буюк намояндаси Чингиз Айтматов таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан МДҲ шафелигида қўшма тадбирлар ўтказишни таклиф этди.
Ҳамдўстлик тарихида илк бор кенгайтирилган йиғилишда Эрон президенти Масъуд Пезешкиан иштирок этди. У «МДҲ+» формати қатнашчиларига табрик сўзи билан мурожаат қилди.
Саммит иштирокчиларига МДҲда раислик 2027 йил 1 январдан ўзи раҳбарлик қилаётган мамлакатга ўтишини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам мурожаат қилди.
«Биз келгуси йили аниқ ва сезиларли натижа берадиган масалаларни эътибор марказига қўйиш ниятидамиз. Булар – иқтисодиёт, янги технологиялар, транспорт, хавфсизлик, таълим, илм-фан ва инсон салоҳиятини ривожлантиришдир», — деди Мирзиёев.
Йиғилишлар якунлари бўйича бир қатор ҳужжатлар имзоланди. Улар орасида МДҲ ташкил этилганининг 35 йиллиги муносабати билан давлат раҳбарларининг баёноти, тарихий хотирани сақлаш тўғрисидаги баёнот, Ҳамдўстлик мамлакатларида 2030 йилгача аҳоли рўйхатини ўтказиш тўғрисидаги қарор ва бошқа ҳужжатлар бор.
Бундан ташқари, келгуси йилларга бағишланган мавзулар ҳам тасдиқланди: 2028 йил — Ижтимоий тараққиёт ва ҳаёт сифатини яхшилаш йили, 2029 йил эса МДҲ транспорт боғлиқлиги йили деб эълон қилинди. Эслатиб ўтамиз, Ҳамдўстликда 2026 йил Соғлиқни сақлаш йили, 2027 йил эса Ҳуқуқий маърифат йили деб белгиланган.
МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши 2027 йил октябрь ойида Бухоро шаҳрида бўлиб ўтади.



