Ўзбекистон клублари ОФК Элит Чемпионлар лигасининг иккинчи тур учрашувларини ўтказишди

«Пахтакор» мухлислари. «Пахтакор» ФК фотосурати

Тошкентнинг «Пахтакор» ва Фарғонанинг «Нефтчи» клублари ОФК Элит Чемпионлар лигасининг умумий босқичидаги иккинчи учрашувларини ўтказишди. «Пахтакор» Тошкентда Саудия Арабистонининг «Ал-Қодисия» клуби билан дуранг ўйнади — 1:1, «Нефтчи» эса Ар-Риёдда Криштиану Роналду тўп сурадиган «Ал-Наср»га 1:3 ҳисобида мағлуб бўлди.

«Пахтакор» 35-дақиқада Нидерландия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Тижани Рейндерснинг голидан кейин ҳисобда ортда қолди. Тошкентликлар учрашувнинг сўнгги дақиқаларида ҳисобни тенглаштиришди. Видеотакрорни кўриб чиққан ҳакам Яссер Ал-Шаҳронийнинг қўл билан ўйнагани учун пенальти белгилади. 89-дақиқада Достонбек Ҳамдамов пенальтини аниқ амалга ошириб, ҳисобни тенглаштирди.

«Пахтакор» Саудия Арабистони клуби билан кетма-кет иккинчи марта дуранг ўйнади. Биринчи турда тошкентликлар сафарда мусобақанинг амалдаги ғолиби «Ал-Аҳли» билан 1:1 ҳисобида дуранг қайд этишган эди. Шу тариқа, жамоа икки учрашувда икки очко жамғарди ва умумий босқичда ҳозирча мағлубиятга учрамади.

«Нефтчи» иккинчи учрашувини Ар-Риёдда «Ал-Наср»га қарши ўтказди. Саудия Арабистони пойтахтида хавфсизлик билан боғлиқ таҳдид туфайли учрашув режалаштирилган вақтдан тахминан бир соат кеч бошланди. Мезбонлар 33-дақиқада Анжело Габриэлнинг голи эвазига ҳисобни очишди, 42-дақиқада эса Криштиану Роналду жамоасининг устунлигини икки карра оширди. Иккинчи бўлим бошида захирадан майдонга тушган Алишер Одилов фарғоналикларнинг ортда қолишини қисқартирди.

65-дақиқада Икромжон Алибоевнинг майдондан четлатилиши сабабли «Нефтчи» бир кишига кам бўлиб қолди. Учрашувдаги якуний ҳисоб 78-дақиқада қайд этилди. Ўзбекистон клуби сардори Анваржон Ғофуров тўпни ўз дарвозасига киритиб қўйди — 3:1.

Биринчи турда «Нефтчи» ўз майдонида Ироқнинг «Ал-Қува Ал-Жавия» клубини 1:0 ҳисобида мағлуб этган эди. Икки учрашувдан кейин фарғоналиклар ҳисобида уч очко бор.

Иккинчи турнинг олтита учрашувидан кейин ғарбий минтақа жадвалида Бирлашган Араб Амирликларининг «Ал-Айн» ва Эроннинг «Истиқлол» клублари олти очкодан жамғарган ҳолда пешқадамлик қилмоқда. Кейинги ўринларда тўрт очкодан тўплаган Саудия Арабистонининг «Ал-Аҳли» ва «Ал-Қодисия» жамоалари бормоқда. Уч очкога эга «Нефтчи» еттинчи, худди шунча очко тўплаган «Ал-Наср» эса саккизинчи ўринда жойлашган. Икки очко жамғарган «Пахтакор» плей-офф зонасидан ташқарида, тўққизинчи ўринни эгаллаб турибди.

Жорий мавсумда ОФК Элит Чемпионлар лигаси формати 32 та жамоагача кенгайтирилди. Ғарбий ва шарқий минтақаларнинг ҳар бирида 16 тадан клуб иштирок этмоқда. Ҳар бир жамоа саккизта турли рақибга қарши саккизта учрашув ўтказади. Ҳар бир минтақадан энг яхши натижа кўрсатган саккизта жамоа 1/8 финалга йўл олади.

Учинчи турда «Пахтакор» 26 октябрь куни сафарда «Ал-Қува Ал-Жавия» билан ўйнайди. «Нефтчи» эса шу куни ўз майдонида Саудия Арабистонининг «Ал-Иттиҳод» клубини қабул қилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ