Қирғизистон президентлигига икки номзод давлат тили бўйича имтиҳондан ўта олмади

Омурбек Суваналиев ва Саймик Жапикеев. 24.kg саайти фотосурати

Қирғизистоннинг собиқ Ички ишлар вазири Омурбек Суваналиев ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш хизмати собиқ раҳбари Саймик Жапикеев президентлик сайловларида номзод сифатида рўйхатдан ўта олмайди. Бунинг сабаби — улар мажбурий ҳисобланган қирғиз тили имтиҳонидан ўта олмаган. Бу ҳақда 24.kg хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳар икки сиёсатчи 8 октябрь куни «Қирғизтест» муассасасида имтиҳон топширган. Суваналиев ёзма иш бажариш тажрибаси етарли бўлмаганини тан олган. Генералнинг сўзларига кўра, у синовларга қарийб 20 кун давомида тайёрланган.

«Мен 40 йил раҳбар бўлиб ишладим. Раҳбарлар одатда бошқаларни тинглайди ва кўрсатмалар беради, лекин ўзлари унчалик кўп ёзмайди. Компьютерда ҳам кам ёзганман. Шунинг учун ёзма қисм мен учун қийинроқ бўлди. B2 даражасига эриша олмаганимдан афсусдаман», — дейди Ички ишлар вазирлигининг собиқ раҳбари.

Жапикеев эса имтиҳон натижаларига рози эмаслигини айтган. У мактабда ҳам, олий ўқув юртида ҳам қирғиз тилида таҳсил олганини ва давлат тилида бемалол тўлиқ суҳбатлаша олишини таъкидлаган.

Молия полициясининг собиқ раҳбари саволлар мураккаб бўлганини қайд этиб, президентликка номзодлар компьютерда бажарган ёзма топшириқлар бўйича якуний баҳога шубҳа билдирган.

«Мен прокуратурада кўп йиллар ишлаганман, ишларимнинг аксариятини қирғиз тилида тергов қилганман. Аммо генерал Суваналиев каби мен ҳам имтиҳондан ўта олмадим», — дейди Жапикеев.

Шу билан бирга, журналист Аслан Сартбаев ижтимоий тармоқларда ҳар икки номзоднинг имтиҳон натижаларини батафсил эълон қилган. Суваналиев ўқиш бўйича 87 балл, тинглаб тушуниш бўйича 84 балл, ёзма иш бўйича 56 балл ва оғзаки нутқ бўйича 65 балл тўплаган. Жапикеевнинг натижалари эса қуйидагича: ўқиш — 63 балл, тинглаб тушуниш — 76 балл, ёзма иш — 55 балл, оғзаки нутқ — 63 балл.

«Қирғизтест» қоидаларига кўра, агар имтиҳоннинг бирорта бўлимида 60 баллдан кам натижа қайд этилса, имтиҳон топширилмаган ҳисобланади.

Бироқ, сиёсатчилар имтиҳонни қайта топшириш имконига эга бўлиши мумкин. Ҳозирча синовни қайта топшириш тартиби аниқ эмас. «Қирғизтест» вакиллари тегишли тартиб-қоидаларни белгилаш Марказий сайлов комиссияси ваколатига киришини маълум қилган. Марказий сайлов комиссияси эса, аксинча, бундай масалани «Қирғизтест» ҳал қилиши кераклигини таъкидлаган.

ℹ️ Қирғизистонда президентлик сайловлари 2027 йил 27 январга белгиланган. Амалдаги давлат раҳбари Садир Жапаров аввалроқ сайловда иштирок этиш нияти борлигини тасдиқлаган. Бироқ, Марказий сайлов комиссиясига расмий ариза топширган биринчи номзод ўзини ўзи кўрсатиш тартибида номзодини илгари сурган тадбиркор Аймен Касенов бўлди. Номзодлардан аризалар жорий йилнинг 13 ноябригача қабул қилинади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Қирғизистоннинг «парда ортидаги раҳбари» нима учун ишдан бўшатилгани ва бундан сўнг нималар содир бўлиши мумкинлиги ҳақида

  • Марказий Осиё мамлакатларига МҲО хавфи борми?

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Марказий Осиё республикаларининг Япония билан яқинлашувида кўз илғамас масалалар бор