Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Тожикистонда Роғун гидроэлектр станцияси (ГЭС) қурилиши учун 500 миллион доллар ажратишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Тожикистон Молия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Роғун ГЭСи қурилишини молиялаштириш масаласи Бангкокда бўлиб ўтган Жаҳон банки (ЖБ) Гуруҳи ва Халқаро валюта жамғармасининг йиллик йиғилишлари доирасида муҳокама қилинди. Учрашувларда Тожикистон Молия вазири Файзиддин Қаҳҳорзода, Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Антонелла Бассани ҳамда ОТБ вице-президенти Вемпи Сапутра иштирок этган.
Таъкидланишича, ОТБ Роғун ГЭСи лойиҳаси учун Тожикистонга 200 миллион доллар миқдорида грант ва 300 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Шу билан бирга, Жаҳон банки ва ОТБ ягона тартиб-таомилларга асосланган қўшма молиялаштириш тизимини (Full Mutual Reliance Framework) жорий этади.
Томонлар лойиҳани баҳолаш, харидларни амалга ошириш ва унинг бажарилишини назорат қилишда ягона талаблар ҳамда тартиб-таомиллардан фойдаланиш, жараёнларнинг такрорланишига йўл қўймаслик ва молиялаштиришни жалб этишни тезлаштириш масалаларини муҳокама қилган.
2026 йил ёзида Жаҳон банки директорлар кенгаши Роғун ГЭСи қурилишини молиялаштиришнинг иккинчи босқичини маъқуллади ва 300 миллион доллар миқдорида грант ажратди.
Роғун ГЭСи — Тожикистоннинг энг йирик энергетика лойиҳаси. ГЭСнинг олтита агрегати йилига 14 400 гигаватт-соат қайта тикланувчи электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради. Бу мамлакатда ҳозирги кунда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг қарийб 60 фоизига тенг. Ҳар бири 600 МВт қувватга эга бўлган иккита агрегат аллақачон ишламоқда. Гидроэлектр станцияси қурилишини 2031 йил охирига қадар якунлаш режалаштирилган. Роғун ГЭСи Марказий Осиёдаги энг қудратли гидроэлектр станциясига айланиши кутилмоқда. Унинг ўрнатилган қуввати 3600 МВтни, йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми эса 13 миллиарддан 17 миллиард киловатт-соатгача бўлади.
2008–2024 йилларда Тожикистон Роғун ГЭСи қурилишига 42,5 миллиард сомони (тахминан 4 миллиард доллар) йўналтирган. 2024 йил декабрь ойида Жаҳон банки қурилишни якунлаш дастурининг биринчи босқичи учун 350 миллион доллар миқдорида грант ажратишни маъқуллаган эди.



