Ўзбекистон ва Россия футбол терма жамоалари 12 ноябрь куни Тошкентдаги «Пахтакор» стадионида ўртоқлик учрашуви ўтказади. Учрашув ФИФА кунлари давомида бўлиб ўтади ва миллий терма жамоалар тарихидаги иккинчи ўзаро баҳс бўлади. Бу ҳақда 20 октябрь куни Ўзбекистон футбол ассоциацияси маълум қилди.
ЎФА терма жамоалар бўлими раҳбари Усмон Тошев кейинчалик Sport24 нашрига берган изоҳида учрашув Халқаро футбол федерацияси билан келишилганини ва унинг натижаси ФИФА рейтинги ҳисоб-китобида инобатга олинишини таъкидлади.
Дастлаб Ўзбекистон ноябрь ойида Ар-Риёдда Саудия Арабистони билан ўйнашни режалаштирган эди. ЎФА вице-президенти Одил Аҳмедовнинг таъкидлашича, Ўзбекистон томони хавфсизлик нуқтаи назаридан учрашувни Тошкентга кўчиришни таклиф қилган, бироқ саудияликлар бунга рози бўлишмаган. Ўйин бекор қилингач, ЎФА Россия билан музокараларни қайта бошлаган. Аҳмедовнинг сўзларига кўра, бу музокаралар ёз ойларидан буён олиб борилаётган эди.
Янги рақиб номзодини Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро ҳам қўллаб-қувватлаган.
«Ар-Риёдда Саудия Арабистони билан ўйин бекор қилинганидан сўнг халқаро алоқалар бўлими унга Тошкентда Россия терма жамоаси билан учрашув ўтказишни таклиф қилди. Фабио дарҳол рози бўлди», — дейди Тошев.
Шу билан бирга, Россия терма жамоаси 2022 йил февраль ойидан буён ФИФА ва УЕФА мусобақаларида иштирок этишдан четлатилган. Бироқ, санкциялар жамоага ўртоқлик учрашувлари ўтказишни тақиқламайди. Сўнгги тўрт йил давомида россиялик футболчилар Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатлари терма жамоалари билан мунтазам ўйнаб келди. Бундай учрашувлар натижалари ФИФА рейтингида ҳам ҳисобга олинади.
Тошкентдаги баҳс ФИФА кунларига тўғри келади. Россия терма жамоаси ноябрь ойидаги иккинчи учрашувини 17 ноябрь куни Краснодарда Венесуэлага қарши ўтказади.
Ўзбекистон ва Россия терма жамоалари Россия футболига нисбатан санкциялар жорий этилганидан кейин фақат бир марта учрашганди. 2022 йил 20 ноябрь куни «Пахтакор» стадионида бўлиб ўтган ўйин 0:0 ҳисобида якунланган. Ўшанда Россия терма жамоасига Валерий Карпин, Ўзбекистон терма жамоасига эса словениялик Сречко Катанец устозлик қилганди.
Тўрт йил ичида Ўзбекистон терма жамоасининг мақоми сезиларли даражада ўзгарди. 2025 йилда жамоа илк бор жаҳон чемпионатига йўлланма олди, 2026 йил ёзида эса мундиалда дебют қилди. Гуруҳ босқичида Ўзбекистон Колумбияга 1:3, Португалияга 0:5 ва Конго Демократик Республикасига 1:3 ҳисобида мағлуб бўлди. Жаҳон чемпионатидан кейин Каннаваро шогирдлари кузда Эронни 3:1, Сурияни 4:1 ҳисобида мағлуб этди, аммо Жанубий Кореяга 0:2 ҳисобида ютқазди.
Россия терма жамоаси ҳам кузда учта ўртоқлик учрашуви ўтказди: Эронни 2:0, Намибияни 6:0 ҳисобида мағлуб этди, Нигерия билан эса 3:3 ҳисобида дуранг ўйнади.
Eurasia Football нашри таъкидлашичв, бўлажак учрашувнинг алоҳида қизиқарли жиҳатларидан бири Карпин ва Каннаварро ўртасидаги мураббийлик дуэли бўлади. Иккаласи ҳам Европа футболида узоқ йиллар фаолият юритган бўлса-да, футболчи сифатида расмий учрашувларда бир-бирига қарши ўйнамаган.
Карпин Евро-1996 мусобақасида Италияга қарши майдонга тушган, аммо Каннаварро ўша пайтда Италия миллий терма жамоасида ҳали ўйнамаган эди. Россия ва Италия терма жамоалари ўртасида 1998 йилги жаҳон чемпионатига йўлланма учун ўтказилган ўтиш ўйинларида Каннаварро иштирок этган, бироқ Карпин Россия таркибида бўлмаган.
Улар Испанияда ҳам бир-бирига қарши майдонга тушмаган. Карпин «Реал Сосьедад», «Валенсия» ва «Сельта» клубларида ўйнаган ва 2005 йил ёзида футболчилик фаолиятини якунлаган. Каннаварро эса 2006 йилги жаҳон чемпионатидан кейин Мадриднинг «Реал» клубига ўтган. Шу тариқа, 12 ноябрь куни улар биринчи марта миллий терма жамоалар бош мураббийлари сифатида ўзаро рақобатлашади.
Қизиғи шундаки, уруш бошланиб, Россия ФИФА ва УЕФА мусобақаларидан четлатилганидан сўнг Россия терма жамоаси тарихда биринчи марта Марказий Осиёнинг учта миллий терма жамоаси билан кетма-кет ўйнади.
2022 йил 24 сентябрь куни Россия Қирғизистон билан илк бор учрашди. Бишкекда бўлиб ўтган баҳсда Валерий Карпин жамоаси 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўша йилнинг 17 ноябрь куни Душанбе шаҳрида Россия ва Тожикистон терма жамоалари тарихда биринчи марта ўзаро ўйнади. Учрашув 0:0 ҳисобида якунланди. Уч кундан кейин, 20 ноябрь куни Россия Ўзбекистон билан илк бор майдонга тушди.



