Жаҳон банки Ўзбекистон энергетика тизими самарадорлигини ошириш лойиҳаси учун 100 миллион долларлик кредит ажратишни маъқуллади

spot.uz сйти фотосурати

Жаҳон банки Ижрочи директорлари кенгаши Ўзбекистон ҳукуматига мамлакатда электр энергиясини тақсимлаш тизимларининг самарадорлиги ва ишончлилигини ошириш учун 100 млн долларлик кредит ажратишни маъқуллади. Тегишли қарор 27 октябрь куни қабул қилингани ҳақида халқаро молия ташкилотининг матбуот хизмати хабар берди.

Электр энергиясини тақсимлаш тизимларини модернизация қилиш дастури тармоқнинг қайта тикланувчи манбалардан олинадиган электр энергиясини қабул қилиш, шунингдек, аҳоли ва корхоналарни электр энергияси билан таъминлаш имкониятларини кенгайтиради. Лойиҳа амалга оширилганидан кейин беш йил давомида соҳада қарийб 11,7 мингта иш ўрни яратилади.

Мутахассислар прогнозларига кўра, 2031 йилга келиб подстанцияларни янгилаш ва камида 3,3 ГВт қўшимча қайта тикланувчи энергия қувватларини тармоққа интеграция қилиш натижасида электр энергиясининг йиллик йўқотишлари 20 минг мегаватт-соатга камаяди. Шу билан бирга, иссиқхона газлари чиқиндилари ҳам йилига қарийб 23 минг тонна карбонат ангидрид эквивалентига қисқаради.

Дастур Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки (ОТБ) томонидан глобал тўлиқ ўзаро ишонч механизми доирасида молиялаштирилади. ОТБ сентябрь ойи охирида Ўзбекистонга 200 млн доллар миқдорида кредит ажратишни маъқуллаган эди. Жаҳон банки кредити ва республика ҳукуматининг давлат бюджетидан қўшадиган 71 млн долларлик ҳиссасини ҳисобга олганда, дастурнинг умумий молиялаштириш ҳажми 371 млн долларга етади.

Жаҳон банки эслатишича, Ўзбекистон 2030 йилгача қайта тикланувчи энергия манбалари қувватини 25 ГВтга етказишни мақсад қилган. Бу натижага эришиш учун янада қувватли ва технологик жиҳатдан такомиллашган электр тармоқлари инфратузилмаси талаб этилади. Электр тақсимлаш тармоқларининг катта қисми бир неча ўн йил аввал қурилгани сабабли, кўплаб подстанциялар ҳаддан ташқари юклама остида ишламоқда.

Дастур «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» компанияси томонидан амалга оширилади. Лойиҳа доирасида ресурслар йўқотилишини камайтириш ва электр таъминоти ишончлилигини ошириш мақсадида республика бўйлаб 60 та муҳим подстанцияни модернизация қилиш ва рақамлаштиришга инвестициялар йўналтирилади.

«Осиё тараққиёт банки билан саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириш орқали биз нафақат Ўзбекистонга электр энергетика тизимининг муҳим инфратузилмасини модернизация қилишда ёрдам беряпмиз, балки ресурслардан янада самарали фойдаланиш ва мамлакат учун салмоқлироқ натижаларга эришишни ҳам таъминлаяпмиз», — деди Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Нажи Бенҳасин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ