Тўқаев Москвада Путин билан учрашувда Россияни мақтади ва Сталиндан иқтибос келтирди

Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Владимир Путин akorda.kz сайтидан олинган сурат

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Москвада россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан бўлиб ўтган учрашувда Россияни буюк давлат деб атади ва унинг жаҳон сиёсатидаги ўрнини юқори баҳолади. Суҳбат чоғида у технологияларни ривожлантириш устида ишлашни давом эттириш зарурлиги ҳақида гапирар экан, Иосиф Сталиндан ҳам иқтибос келтирди. Учрашув тафсилотларини «Коммерсантъ» нашрининг махсус мухбири Андрей Колесников маълум қилди.

Тўқаев Москвага 25 ноябрь куни кечқурун Сбербанкнинг сунъий интеллект (СИ) ривожига бағишланган конференциясининг бош меҳмони сифатида етиб келди. Унинг ташрифи журналистлар учун кутилмаган ҳолат бўлди, деб ёзади материал муаллифи.

Учрашув чоғида Путин Қозоғистон ахборот технологияларини ривожлантиришга катта эътибор қаратаётганини таъкидлади. Бунга жавобан Тўқаев 2020 йилда онлайн форматда ўтказилган СИ бўйича биринчи форумни ёдга олди. Марказий Осиё республикаси президентининг сўзларига кўра, ўшанда россиялик ҳамкасби уч-тўрт йил ичида сунъий интеллект ва рақамлаштириш алоҳида аҳамият касб этишини башорат қилган эди. Тўқаев таъкидлашича, бу тахмин тўғри чиққан.

«Сиз ўшанда жуда ёрқин чиқиш қилгандингиз ва уч-тўрт йил ўтмай сунъий интеллект, рақамлаштириш мавзуси биринчи ўринга чиқиши ҳақида гапиргандингиз. Ҳозир айнан шундай бўлди», — деди Қозоғистон етакчиси.

Шунингдек, Тўқаев мамлакатнинг рақамлаштириш соҳасидаги ютуқлари ҳақида сўзлаб берди. Унинг сўзларига кўра, БМТнинг электрон ҳукумат ва инсон капиталини ривожлантириш бўйича рейтингида Қозоғистон дунёда 24-ўриндан 16-ўринга кўтарилди.

«Аммо бу, албатта, хотиржамликка берилиш, ўзига ҳаддан ташқари ишониш ёки Сталин айтганидек, муваффақиятлардан бош айланиши учун сабаб эмас, — дея таъкидлади у. — Олдинда жуда кўп иш бор, шунинг учун ҳам маълум маънода биз ушбу форумга Россияда қилинган ишларни билиш ва ўрганиш учун келдик, сизга айтсам, анчагина ишлар амалга оширилган!»

«Оҳ-ҳо, бундай учрашувларда Иосиф Сталиндан энди бемалол овоз чиқариб иқтибос келтирса бўлар экан. Ва, эҳтимол, бу ҳатто керакдир ҳам», — деб ёзди бу борада Колесников.

Сўнгра Тўқаев Сбербанк ва унинг раҳбари Герман Грефни мақтаб, киберхавфсизликни ривожлантиришдаги ютуқларини қайд этди. Нутқининг алоҳида қисмини у Путиннинг Хитойга яқинда амалга оширган ташрифига ҳамда Россия етакчисининг Шэньчжэндаги саммитда иштирок этишига бағишлади.

«Мен тарих ривожининг айнан шу жуда мураккаб даврида, геосиёсат, таъбир жоиз бўлса, рақсга тушиб кетган, яъни мутлақо беқарор бўлган бир пайтда, буюк давлат сифатида олд планга, биринчи планга чиққан Россия учун қараб қувондим!» — дея баёнот берди президент.

У саммит якунлари бўйича қабул қилинган декларацияни ҳам юқори баҳолаб, уни тайёрлашда Россия дипломатияси ва Путиннинг қўшган ҳиссасини қайд этди.

«Ва, албатта, бу Сизнинг тимсолингиздаги Россия президентининг улкан хизматидир, Владимир Владимирович. Мен бундан чин дилдан хурсандман! — дея қўшимча қилди Қозоғистон президенти. — Россия — буюк давлат! Мазмуни ва, албатта, аҳамияти жиҳатидан мутлақо мақбул декларация қабул қилинди, чунки бугунги замонавий дунёда бундан ортиғини кутиш ҳақиқатдан йироқ бўларди, лекин декларация… Менинг тушунишимча, уни ишлаб чиқишда шахсан ўзингиз қатнашгансиз, чунки услуб ва мазмун менга таниш эди… Сиз ушбу ҳужжатнинг асосий бандлари сифатида киритилган жиҳатлар ҳақида тез-тез гапиргансиз… Бу, шубҳасиз, ҳам Россия дипломатиясининг, ҳам, албатта, буюк Россия давлатининг анча катта ютуғидир».

👉 Россия президенти Владимир Путин халқаро тадбирларда Қосим-Жўмарт Тўқаев билан мунтазам учрашиб туради. Икки давлат раҳбарларининг амалий ташрифлари ҳақида гапирадиган бўлсак, бундан олдинги шундай учрашув июль ойида Қозоғистон билан чегара яқинидаги Россиянинг Омск шаҳрида бўлиб ўтган эди. Ўшанда Тўқаев Россия-Украина можаросининг моҳияти унга «унчалик тушунарли эмаслигини» маълум қилган ва уни «музлатиб қўйиш»ни таклиф этганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ