Умра сафарига борган 250 дан зиёд қирғизистонлик ватанига қайта олмаяпти

rdlx.ru сайтидан олинган сурат

Умра сафарига йўл олган 250 дан зиёд қирғизистонлик Саудия Арабистонидан ватанига қайта олмаяпти. Бунинг устига, улар раҳбарияти аввалроқ фирибгарликда айбланган «Нур Умра Трэвел» сайёҳлик фирмасининг мижозлари ҳисобланади. Бу ҳақда республика Мусулмонлари диний бошқармаси (МДБ, муфтият) вакили Абдулазиз Туташпаев маълум қилди, деб хабар бермоқда 24.kg.

Айни пайтда муфтият вазиятни назорат остига олган — мазкур муаммони ҳал этиш учун махсус комиссия тузилган. Аниқлик киритилишича, МДБ ва Саудия Арабистонида истиқомат қилувчи қирғизистонликлар кўмагида у ерда қолиб кетган зиёратчилар вақтинча турар жой билан таъминланган.

Туташпаевнинг сўзларига кўра, ҳозирда ватанга қайтиш учун авиачипталар сотиб олиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бошқарма умрага борган фуқароларнинг қайтишини яқин икки кун ичида ташкиллаштиришни режалаштирмоқда.

Муфтият ноябрь-декабрь ойларида зиёратчилар сони кескин ошганини қўшимча қилди. Шу муносабат билан мўмин-мусулмонлар сайёҳлик операторлари таклиф қилаётган ҳужжатлар ҳамда сафар шартларини синчковлик билан текширишга, шунингдек, Яқин Шарқдаги вазиятни инобатга олишга чақирилди. Шу билан бирга, МДБ вакиллари фуқароларга кутилмаган ҳолатлар юзага келганда уйга қайтиш қандай ташкил этилишини олдиндан аниқлаштириб олишни тавсия этди.

«Нур Умра Трэвел» компанияси билан боғлиқ жанжал ноябрь ойи ўрталарида, Саудия Арабистонига зиёратга йўл олган 104 нафар Қирғизистон фуқароси Тошкентда қолиб кетгани маълум бўлгач авж олган эди. Ўшанда улар туроператор сафарни давом эттириш учун қўшимча ҳақ талаб қилаётганидан шикоят қилишганди.

Юзага келган вазиятни ҳисобга олган ҳолда, республика муфтияти диндорларга қўшни давлатлар орқали транзит билан эмас, балки Бишкек ва Ўш шаҳарларидан тўғридан-тўғри авиарейслар орқали умрага боришни маслаҳат берди.

Турфирма раҳбари Мирзат Кошоевага Ўзбекистон пойтахтига бориш ва муаммони жойида ҳал этиш мажбурияти юклатилган эди. Бироқ кўп ўтмай тадбиркор аёл Бишкекда фирибгарликда гумонланиб қўлга олинди ва вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилди.

Кейинчалик ҳукумат «Нур Умра Трэвел» компаниясининг 2026-2027 йиллар мавсумида мусулмонларнинг муқаддас қадамжоларига зиёрат сафарларини ташкил этиш бўйича лицензиясини бекор қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тожикистон пойтахти мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган текширув ўқитувчилар сони кўпайгани, аммо билим даражаси пасайганини кўрсатди

  • Қочқинлар сабаб Британиянинг крикет спорт ўйини қандай қилиб Афғонистонда машҳур бўлиб кетгани ҳақида

  • «Росатом» Марказий Осиёда ядро тиббиётини қандай ривожлантираётгани ва лойиҳалар қайси босқичда экани ҳақида

  • Россия тарғиботи қозоғистонликларга қандай таъсир кўрсатаётгани ҳақида