Яшил, сариқ ва қизил ҳудуд қонуни бўйича

COVID-19 инфекцияси туфайли уч ой давомида ўзини ўзи яккалатишнинг қатъий тартиби ўзбекистонликларни нимага ўргатгани ҳақида
ЎЗБЕКИСТОНДАГИ КАРАНТИН ПОСТИ . AUTOSTRADA.UZ САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Коронавирус Ўзбекистонга март ойининг ўртасида кириб келди. Республика ҳукумати зудлик билан барча чегараларни ёпиб қўйди ва карантин жорий этди. Ниқоб тақиш тартиби, ижтимоий масофа, ўзини ўзи яккалатиш тартиби, ватандошларни қайтаришга ташкил этилган чартер рейслар – бу тушунчаларнинг ҳаммаси ўзбекистонликлар учун одатий бўлиб қолди.

Мана COVID-чекловларнинг киритилганига ҳам уч ой тўлди. Расмийлари эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда тактикани ўзгартириб турдилар. Аввалига тартибни қатъийлаштирдилар: ниқоб тақмаганлик учун жаримани кўтардилар, инфекция ҳақидаги ёлғон хабар тарқатганлик учун қонун бўйича жавобгарлик киритдилар, шаҳарликларни зирҳли техникадан туриб овоз кучайтиргичлар орқали “уйлардан чиқиб, хато қилиб қўйманглар”, дея қўрқитдилар. Шундан сўнг аста-аста енгилликлар киритила бошланди: мамлакатда сариқ ва яшил ҳудудлар пайдо бўлди, уларда касаллик юқтириш даражаси юқори бўлган қизил ҳудудлардан фарқли ўлароқ карантин чоралари бироз енгилроқ эди, бир қатор корхоналарга ўз фаолиятларини тиклашга рухсат берилди, стадионларга, гарчи томошабинларсиз бўлса ҳам футбол қайтиб келди, рухсат берилган миқдордаги (ўттизтагача) меҳмонлар билан биринчи тўйлар ўтди. Аҳоли енгил тин олиб, эпидемиологик қоидаларга амал қилишда ҳушёрликни йўқотди, жойлардаги мутасаддилар эса шифокорларга аталган мукофот пулларини “ўзлаштиришни” ўрганиб олдилар...

Карантин одамларга ўзларини ўзлари ўзгартиришга, нималардандир сабоқ олишга, бошқача яшашга кўникишга ўргатди. “Фарғона” Facebook ижтимоий тармоғидаги ўзининг аккаунтидан туриб ўзбекистонлик ўқувчиларидан қатъий эпидемиологик чоралар киритилиши натижаси ҳаёт нечоғлик ўзгаргани ва мутлақо янги шароитларда уларни уч ой давомида нималарга ўрганганлари билан қизиқиб кўрди. Ўн кун давом этган сўровларимиздан кейин юздан зиёд шарҳларни олдик ва илтимосимизга лаббай дея ўз тажрибалари билан ўртоқлаган барча ўқувчиларимизга миннатдорчилик билдирамиз.

Фойдалар ва зарарлар

Коронавирус туфайли қатъий чекловлар киритилган кўпчилик мамлакатларнинг аҳолиси учун карантин ноодатий имтиҳонга айланди. Кўпчилик ушбу мажбурона тутқунликда ҳам ўзлари учун ижобий жиҳатларни топишга уриниб кўрдилар. Психологлар ўзини ўзи ривожлантириш билан машғул бўлишга, битта том остида қолган қариндошлар билан ярашиб, яқинлашишга, кейинроқ, вақт топсам ўқирман, дея четга суриб қўйган китобингизни топиб ўқишни маслаҳат бердилар... Бироқ Ўзбекистонда, қолдирилган шарҳлардан келиб чиқадиган бўлсак, буларнинг ҳаммаси долзарб бўлмай қолган экан.

Одамларни биринчи навбатда ишсиз ва тирикчиликка етадиган маблағларсиз қолиш қўрқуви хавотирга солиб қўйган экан. Боз устига, давлат коронавирус иродаси билан вақтинча қуруқ нон-чойга куни қолган фуқароларга моддий ёрдам кўрсатиш ҳақида қайғурмади ҳам. Қарияларга пенсияларини аввал пластик карталарга, кейин бўлса яна нақд пулга ўтказиб, керак бўлмаган “бош оғриғини” туҳфа этдилар.

Кўпчилик шарҳловчилар расмийларнинг аҳолига молиявий ёрдам кўрсатиш жиҳатидан ҳаракатсизлиги кўринишидаги карантиннинг семиз “минуси”ни қайд этиб ўтдилар.

“Расмийлар аҳолигиа ҳатто таранг вазиятда ҳам пул тўлашни хаёлига келтирмаслигини тушуниб етдим. Одатдагидек, расмийлар барча масъулиятни хусусий бизнес зиммасига юклаб қўйди. Ўзи шундоғам дунё бўйича энг катта солиқлар бизда, аммо бундан ҳеч қандай манфаат йўқ. Собиқ совет республикалари ичида Ўзбекистон ҳаммадан кўп ташқи қарзлар олди, аммо шу билан бирга, аҳолига молиявий жиҳатдан ҳеч қандай ёрдам кўрсатмаган шу битта Ўзбекистон қолди, холос”, — дея ёзибди Мурад Гассиев (бу ерда ва кейинги матнларда ижтимоий шарҳлар оригинал орфография ва пунктуацияни ўзгартирмай келтирилган. “Фарғона” изоҳи.).

Ўзбекистон бозоридаги савдо . Kun.uz сайти фотосурати

“Давлат томонидан ҳеч қандай кўмак йўқ!!! Кичик бизнесни карточкаларга маблағ ўтказишга мажбурладилар, бу пуллар эса кейинига давлат томонидан ёрдам сифатида берилди”, — дея қайд этди Фейсбук фойдаланувчиси Максим Андреев.

Шунга ўхшаш фикрни Дуас Елена ҳам билдирган: “Ўзини ўзи яккалатиш тартиби раҳбариятдан яхшилик кутиш ва давлатга умид қилиш совет ўтмишидан қолиб кетган рудиментар ҳиссиёт эканлигига ишонишга мажбур қилди. Бизда энди ҳаммаёқ зоналар бўлиб кетди, зонада эса: ишонма, қўрқма ва сўрама”.

“Бу вақт одамларни уйда ишсиз, тирикчилик учун ҳеч вақосиз уйда ўтиришга мажбур қилиб қўйган бизнинг ҳукуматнинг асл юзини очиб қўйди. Кўп нарсалар ҳақида ёзиш мумкин, бироқ бунинг фойдаси бормикан?! Афсуски, ҳеч нарса ўзгармапти, биз “ёрқин келажак” ҳақидаги ваъдаларга ишонган ҳолда яшашни давом эттирмоқдамиз. Бизнинг халқимизнинг сабри ҳадди-чегараси йўқ”, — дея таъкидлаб ўтди Ruslan Babakhanov.

Бир нечта иқтибослар билан чекланиб қоламиз, ҳолбуки деярли ҳар икки шарҳнинг биттаси давлат кўмагининг бундай аломатларига бағишланган эди. Демак, карантин фуқароларни қандайдир бирор янгиликка ўргатиб қўйгани йўқ экан, балки ҳатто ўта фавқулодда вазиятда ҳам юқоридагилар қуйидагиларнинг бунақа шароитларда омон қололмаслиги ҳақида ўйлашни ҳам истамас эканликларини тасдиқлаб қўйди.

Фойдаланувчилар кеча пайдо бўлиб қолмаган яна битта муаммони қайд этиб ўтдилар. Гап коррупция ҳақида кетмоқда, жамиятнинг бу иллатини на эпидемиялар ва на фалокатлар қўрқита олар экан.

“Давлат ўз фуқароларига туфуриб қўйганига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим, маҳалла, домкомлар кимдир қаердандир ажратиб берган маблағлар ва ёрдамларни ўз яқинлари билан ўзаро бўлишиб олдилар, лоқайд бўлмаган Ўзбекистонликлар эса қўшни аёлларга ва ёлғизларга очдан ўлиб қолмасликлари учун ёрдам бердилар. Бу мамлакатни коррупция ҳалок қилади”, — дея ёзади Tanya Khosnullina.

Карантин пости . Uznews.uz сайти фотосурати

Унинг фикрига Ольга Мамедова ҳам қўшилмоқда: “Қаёққа қарама, ёппасига коррупция! Ҳатто карантин зонасида ҳам ушбу криминал жараённи бор кучи билан ишга қўйишибди! Кимни қўлидан келса, ўз ҳолига яраша, ҳеч қандай давлатнинг ёрдамисиз омон қолишга ҳаракат қиляпти!”

“Яна бир бор биз маҳалла қўмитасидан бошлаб юқоригача ҳукуматга керак эмаслигимизга ишонч ҳосил қилдим. У ерда фақат текинхўрлар, кўбўямачилар ва порахўрлар ўтирар экан. Ёрдамни ҳам машиналари, дачалари бор одамларга беряптилар. Депутатларимиз қачон халқ учун озгина бўлса ҳам бирор фойдали иш қиладилар? Улар ҳеч еб тўймаяптилар, ўмаряптилар, ўпиряптилар”, — дея фикрини билдирди Светлана Кожаева.

Бироқ ҳамма шарҳлар бунақанги ёмон эмас. Ўқувчимиз Aliya Vildanova юқорида тилга олинган “минуслар” билан бир қаторда расмийлар ҳаракатидаги “плюсни” ҳам қайд этиб ўтган. Унга кўра, содир бўлаётган ишларнинг ижобий жиҳати шундаки, расмийлар карантин чораларини ўз вақтида киритганлар, шунинг учун ҳам республикада коронавирусдан ўлганларнинг сони кам. Мақтовли шарҳларни ўқишда давом этаман деган одам чучварани хом санабди. Фойдаланувчилар томонидан ижобий баҳо берилган мана бу шарҳдан бошқа шарҳ йўқ.

Кам таъминланган оилага озиқ-овқат тўпламини етказиб бериш. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмат фотосурати

Шарҳларда ўзбекистонликларнинг ўзлари кам таъминланган оилаларга ҳамда бошқа муҳтожларга ёрдам бериб келганига алоҳида урғу берилган. Умуман олганда, республикада хайрия анъаналари доим мустаҳкам бўлиб келган. Мана иккита мисолни келтириб кўрайлик. Биринчиси, пандемиянинг биринчи куниёқ мамлакатда жуда қудратли волонтёрлик ҳаракати бошланиб кетди, лекин кейинроқ давлат бу ҳаракатни оёқ остига олиб қўйди. Иккинчи мисол: Сирдарё вилояти Сардоба сув омборида тўғон ўпирилиши ортидан юзага келган ҳалокатда жабрланганлар учун ёрдам тўплаш. Ўшанда, биргина Тошкентнинг ўзида лоқайд бўлмаган инсонлар шунчалик кўп инсонпарварлик ёрдами тўпладиларки, уларни расмийлар тахлаб улгура олмай қолдилар ва натижада, юкнинг бир қисми нобуд бўлди. Бироқ ҳаммасига баҳона топилди – бунга ёмғир айбдор экан. Айтгандек, мутахассисларнинг дастлабки текшируви якунида сувлари Жанубий Қозоғистонгача оқиб борган ўша ҳавза тўғонини кучли шамол оқибатида кўтарилган тўлқин бузиб юборган экан. Кейинчалик деярли миллиард куб метр сувни жиловлаб турган тўғонни бунданда кулгили ўта қаҳрли лаққабалиқлар ва яна қанақадир кўр балиқлар бузиб ташлагани ҳақидаги версия пайдо бўлди. Бироқ бу бошқа ҳикоя, ўрни келганда ҳикоя қилинади.

Агар ижтимоий муаммолардан эътиборимизни бироз чалғитадиган бўлсак, карантин ўзбекистонликларни кўпроқ ухлашга, бекорчиликдан завқланишга, ўз яқинларига тоқатлироқ бўлишга ўргатгани маълум бўлади. Кўпчилик шарҳловчилар оила аъзоларини ишгача ва ишдан кейин кўриш бошқа ва кеча-ю кундуз бирга бўлиш бутунлай бошқа эканлигини қайд этдилар. Карантин чоғида одамлар яқинларига меҳрибонроқ бўлишни, тортишув ва жанжаллардан ўзини олиб қочишни, мураккаб вазиятларда бир-бирини қўллашни ўргандилар. Бироқ бу ерда ҳам киши таъбини хира қиладиган доғ чиқиб қолди. Шарҳловчилардан бири маълум қилишича, уч ой давомида унинг хотини шунчалик асабига тегдики, у хотини билан тезроқ ажрашиш учун ЗАГСларнинг очилишини зориқиб кутмоқда. Нима ҳам дердик, ҳаётнинг ўз ўнқир-чўнқир йўллари бор...

Вирус ҳақида сўз юритиладиган бўлса, COVID-19 инфекциясининг Ўзбекистонда тарқалиш сурати пасаймаяпти, 7 июнь куни янги рекорд ўрнатилди, бир кеча-кундуз давомида 237 нафар одам коронавирусни юқтириб олгани маълум бўлди. Беш кун ўтиб республиканинг бош санитар врачи Нурмат Атабеков “муайян ҳудудда касаллик пайдо бўлиши билан беморда ва унинг атрофидагиларда “ижтимоий” иммунитет шаклланишини” маълум қилиб, ўзбекистонликларни қувонтирмоқчи бўлди. Бироқ ҳамма тестлардан ўтиб, ўзининг самарадорлигини исботлаган вакцина ҳозиргача яратилмади. Шунинг чун ҳам биз ҳозирча коронавирус қўзғатувчиси билан бирга яшаб туришга мажбурмиз.

***

Бизнинг камтарона сўровимиздан чиқарадиган энг қайғули хулоса шундаки, уч ой давомида ҳеч нарса қилмасликка мажбур бўлиб, яна пул маблағларисиз бекорчиликда ўтириш ўзбекистонликларнинг қалбида мисли кўрилмаган даражада пессимизм, расмийлар учун оддий одамлар керак эмас экан, деган ишонч ўрнашиб олди. Қайси ҳудудда бўлманг, қизилдами сариқдами ёки яшилдами, фақат ўзингизга умид қилинг. Киноя аралаш “ёрқин” ёки “буюк” дея аталадиган келажакдан ҳеч қандай яхшилик кутманг. Афсуски, бизнинг Фейсбук саҳифамиздаги сўровда иштирок этганларнинг кўпчилиги Ўзбекистонда ҳеч нарса ўзгармайди, дея ишончлари комил...

Азиз Якубов