«Трансафғон автомагистрали барча мамлакатларнинг сиёсий ёрдамига муҳтож»

Осиё инфратузилмавий инвестиция банки вице-президенти Константин Лимитовский – Ўзбекистон билан боғлиқ лойиҳалар ҳақида
Константин Лимитовский. Андрей Кудряшов фотосурати/"Фарғона"

24 март куни Тошкентда Халқаро инвестиция форуми бошланди. Эрталабки йиғилишни Президент Шавкат Мирзиёев очиб берди. Маълумки, Мирзиёев 2030 йилга қадар Ўзбекистонни ўртачадан юқори даромадга эга давлатга айлантиришни ўз олдига улкан мақсад қилиб қўйган. Бунинг учун инвесторлар учун қулай шарт-шароитларни яратиш зарур, буни расмийлар сўнгги йилларда фаол амалга оширмоқда – бу ҳақда сессия иштирокчилари ҳам таъкидлаб ўтдилар. Улардан бири, Осиё инфратузилмавий инвестиция банки вице-президенти Константин Лимитовский мазкур форум нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа учун муҳим воқеа эканини таъкидлади. «Фарғона» мухбири меҳмон билан банкнинг республикада амалга ошираётган лойиҳалари тўғрисида батафсил суҳбатлашди ва бир неча йил аввал мазкур банк қизиқиш билдирган трансафғон автомобиль йўли қурилиши бўйича унинг позицияси билан танишди.

Осиё инфратузилмавий инвестиция банки (ОИИБ) Осиё-Тинч океани минтақасида молиявий ҳамкорликни рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган халқаро молия институти ҳисобланади. У инфратузилмавий лойиҳаларга ихтисослашган. Банкнинг очилиш маросими 2016 йил 16 январ куни Пекинда бўлиб ўтган. Лойиҳа ташаббускори Хитой ҳисобланади.

Бугунги сессияда сўзга чиққан ОИИБ вице-президенти банкнинг Қорақалпоғистон ва Бухородаги лойиҳаларини тилга олди. Константин Лимитовский «Фарғона» нашрига берган изоҳида банк улар устидан 2019 йилдан бери иш олиб бораётганини ва барчаси Бухоро вилоятидаги «сув ва маҳаллий йўллар» лойиҳаларидан бошланганини гапириб берди.

«Ҳозирда биринчи босқич – сув таъминоти ва канализация бўйича ишлар якунланмоқда. Бунга 384 миллион доллар сармоя киритилди, иккинчи қисми ҳам бор. Бу сув ҳақида», — деди ОИИБ вице-президенти.

Андрей Кудряшов фотосурати/«Фарғона»

«Маҳаллий йўллар», Лимитовскийнинг сўзларига кўра, маҳаллий йўлларнинг бир қисмини, шунингдек, халқаро коридорни қамраб олади.

«Бу лойиҳанинг биринчи босқичи 130 миллион долларни ташкил этади, иккинчиси ҳам мавжуд. Бундан ташқари, келгусида Бухорода сув ва канализация лойиҳасининг иккинчи босқичи амалга оширилади, бу эса яна 200-240 миллион долларни ташкил этади. Қорақалпоғистонда ҳам шундай сув ва канализация лойиҳаси тасдиқланишга тайёр. У ерда «маҳаллий йўллар» лойиҳаси ҳам тайёрланмоқда, бу ҳақда мен [сессияда] айтиб ўтганман», — деди у.

Форумда қандайдир келишувлар тузиладими, деган саволга Лимитовский «маълум эълонлар»ни кутиб қолишни таклиф қилди.

Ўзбекистон ҳукумати 2020 йил бошида Бухорода сув таъминотини яхшилаш бўйича кенг кўламли лойиҳани эълон қилди. Шу билан бирга, Лимитовский Бош вазир ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов билан учрашиб, умумий қиймати 2,4 миллиард доллардан ортиқ инфратузилмавий лойиҳалар, жумладан, Бухоро – Урганч – Хива темир йўлини электрлаштиришни биргаликда молиялаштириш масалаларини муҳокама қилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Осиё инфратузилмавий инвестиция банки Ўзбекистон ташаббуси билан амалга оширилаётган яна бир лойиҳага қизиқиш билдирган эди. Гап «Трансафғон автомагистрали» деб аталадиган – узунлиги қарийб 600 км бўлган, Марказий Осиёни Афғонистон орқали Покистон ва Яқин Шарқ билан боғлайдиган Мозори Шариф – Кобул – Пешовар темир йўли қурилиши ҳақида бормоқда. Ўтган йил охирида Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган «Толибон»* радикал ҳаракати вакиллари ушбу магистрални қуришдан манфаатдор эканликларини билдирган эдилар.

«Фарғона» мухбирининг ОИИБ ушбу лойиҳага сармоя киритиш ниятидами, деган саволига жавоб берар экан, банк вице-президенти шундай деди: «Биз буни кузатиб боряпмиз. Ўтган йил бошида давлатлараро конференция бўлиб ўтди, бизни таклиф қилишди, унда қатнашдик. Бу йўл бўйлаб сармояларнинг асосий қисми Афғонистонга тўғри келади. Воқеалар ривожини кузатиб борамиз».

«Ушбу лойиҳа барча мамлакатларнинг сиёсий қўллаб-қувватлашига муҳтож», — деди Лимитовский.

Трансафғон темир йўли қурилиши Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан фаол илгари сурилмоқда. Унинг ишга туширилиши Ўзбекистонга экспорт бозорлари ва транспорт йўналишларини диверсификация қилиш имконини беради, шунингдек, қўшни давлатларда ўзбек маҳсулотларининг транзит тарифларини пасайтиришга замин яратади.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).