От айланиб қозиғини топади

Афғонистондан Ўзбекистонга олиб ўтилган ҳарбий самолётлар тақдири ҳақида
Собиқ афғон ҲҲК га қарашли Ми-17 вертолёти. TOLOnews сайти фотосурати

Ўзбекистон ўтган йил август ойида афғон ҳарбий учувчилари томонидан ўғирлаб кетилган вертолёт ва самолётлар тақдирига ниҳоят ойдинлик киритди. Бир пайтлар Афғонистон Ҳарбий ҳаво кучларини шакллантириш учун Қўшма Штатлар томонидан тақдим этилган ўнлаб самолётлар Ўзбекистонга ўтиб қолди.

Ўзбекистон томони кўп ойлар ичида биринчи марта бу борадаги ўз позициясини расман эълон қилди. Давлат раҳбарининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашевнинг айтишича, республика мазкур ҳарбий вертолёт ва самолётларни Америка ҳукуматига қайтаради.

«АҚШ ҳукумати улар учун пул тўлаган. У собиқ Афғонистон ҳукуматини молиялаган. Шундай қилиб, ҳарбий техникалар тақдири бутунлайин Вашингтонга боғлиқ, деб ҳисоблаймиз», — деди Иргашев.

Ўғирлаб кетилган самолётлар билан боғлиқ ноаниқлик Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган «Толибон» радикал ҳаракатининг бир қатор шов-шувли баёнотларига сабаб бўлди. Толиблар, мамлакатда мавжуд ўта оғир иқтисодий вазиятга қарамай, ўз ҳарбий-ҳаво кучларини барпо этишни мақсад қилдилар. Шу боис, улар Ўзбекистондан олиб қўйилган самолёт ва вертолётларни Афғонистон ҳудудига қайтара олишларига жуда умид қилишганди.

«Суриш вақти келди»

Афғонистондан Ўзбекистонга, шунингдек, қўшни Тожикистонга ҳарбий самолётларнинг оммавий олиб қочилиши 2021 йил август ойи ўрталарида содир бўлганди. Яъни, «Толибон» жангарилари Афғонистон шимолидаги энг йирик шаҳри Мозори Шариф ва пойтахт Кобулни деярли қаршилик кўрсатмай қўлга киритган кунларда.

Эслатиб ўтамиз, 2001 йилдан буён Афғонистон ҳудудида фаолият юритаётган «Толибон» ва бошқа террорчи гуруҳларга қарши кураш олиб бораётган чет эл қўшинлари баҳорда АҚШ бошчилигида мамлакат ҳудудини тарк эта бошлади. Чет эл қўшинларининг кетидан толиблар бутун мамлакат бўйлаб кенг кўламли ҳужумларни уюштирдилар.

Вазият устидан назоратнинг йўқотилиши АҚШнинг «Баграм» ҳарбий ҳаво базаси — Афғонистондаги операциялар учун энг йирик ва асосий базасини тарк этаётган пайти содир бўлди. Бундан ташқари, америкаликлар, гувоҳларнинг сўзларига кўра, июль ойи бошида Баграмни ҳатто афғон хавфсизлик кучлари билан ҳам ўз ҳаракатларини мувофиқлаштирмасдан тарк этишган.

Толиблар ҳарбий учувчилар кетидан ов бошладилар. Учувчилар радикалларга таслим бўлишни истамагани мантиқан тўғри эди.

Мозори Шариф яқинидаги ҳаво базасидан ўнлаб ҳарбий вертолёт ва самолётлар ҳавога кўтарилди. Уларнинг барчаси Ўзбекистон билан чегарадош Термиз шаҳридаги аэропортга етиб келган. 15 август куни Кобулдан вертолётда қочган Афғонистон президенти Ашраф Ғани Термиз аэропортига етиб келган. Шу куни Қобулдаги ҳаво базасидан ўнлаб ҳарбий самолёт ва вертолётлар ҳавога кўтарилиб, Ўзбекистон ва Тожикистон томон йўл олган.

Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида республика Бош прокуратураси матбуот хизматига таяниб, 14 ва 15 август кунлари Афғонистон ҳудудидан жами 585 нафар қуролланган афғон ҳарбийларидан иборат 22 та ҳарбий самолёт ва 24 та вертолёт Ўзбекистон ҳаво ҳудудини бузганлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Бироқ, кейинроқ Бош прокуратура матбуот хизмати ҳаво ҳудуди бузилгани ҳақидаги хабарини ўчириб ташлади ва бу маълумотлар «масъул идораларнинг расман тасдиқланган маълумотларига асосланмагани»ни таъкидлади.

Кейинроқ, Ғарб матбуотида 465 нафар қочоқ афғон аскари Ўзбекистондаги махсус лагерда бўлгани ҳақида маълумот эълон қилинди. Журналистлар мазкур ҳарбийлардан бири билан бўлган телефон суҳбатига ишора қилишган. Унинг сўзларига кўра, махсус лагердагилар орасида A-29 Super Tucano енгил ҳужумчи самолётларини бошқарган 15 га яқин учувчи, UH-60 Black вертолётларини бошқарган 11 нафар учувчи, MD-530 вертолётларини бошқарган 12 нафар учувчи ва Ми-17 вертолётларида учганларнинг кўплари бор бўлган.

Сентябрь ўрталарида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Юсуп Қобулжонов 12 ва 13 сентябрь кунлари Афғонистоннинг Ўзбекистонга ноқонуний кириб келган барча собиқ ҳарбийлари ва тинч аҳоли вакиллари учинчи давлатга олиб кетилганини маълум қилди. Аммо, Ўзбекистонга ноқонуний равишда кириб қолган ҳарбий техникалар тақдири ноаниқлигича қолаверди.

Толибларнинг ширин орзуси

Ўғирлаб кетилган ҳарбий самолётлар ва вертолётлар ҳақидаги ноаниқлик, афтидан, «Толибон» раҳбарияти учун қандайдир иллюзиялар яратган. У самолётларни Афғонистон ҳудудига қайтаришга жиддий умид қилди. Айниқса, толиблар Кобулда ҳукмронлик қила бошлаганидан сўнг, фаол равишда алоқаларни яхшилай бошлаган Ўзбекистон билан музокараларда муваффақият қозонишига ишонди.

Нега янги афғон ҳукумати учун ҳарбий авиация масаласи бунчалик муҳим? Ҳудуд топографиясининг ўзига хос хусусиятларини (етиб бориш қийин бўлган тоғлар) ҳисобга олган ҳолда, ҳаво кучларига эга томон душманга нисбатан катта афзалликларга эга бўлади. Шунинг учун ҳам Қўшма Штатлар сўнгги 20 йил ичида афғон ҳарбий учувчиларни тайёрлаш учун юзлаб миллион доллар сармоя киритган ва Афғонистон ҳарбий-ҳаво кучларига ўз ҳисобидан техникалар етказиб берган.

Афғонистонни қайта тиклаш бўйича бош инспектор (SIGAR) октябрь ойи охирида эълон қилинган ҳисоботида собиқ ҳукумат ҳарбий-ҳаво кучларининг ҳарбий самолётлари ва вертолётларининг тўртдан бир қисми Ўзбекистон ва Тожикистонда экани қайд этилган. Ўтган йил август ойи ўрталарига келиб, Афғонистон ҳарбий авиациясида 164 та самолёт бор бўлган.

Мулла Муҳаммад Ёқуб. TOLOnews сайти фотосурати

Толиблар ҳукуматининг Мудофаа вазири мулла Муҳаммад Ёқуб радикаллар собиқ афғон ҳукумати ва хориж қўшинларига қарши 20 йиллик партизан уруши пайтида уларда бўлмаган ўз ҳаво кучларини яратиш ниятида эканини маълум қилди. Ўша ойда «Толибон» Афғонистонни тарк этган ҳарбий учувчиларни ўз ватанларига қайтишга чорлади.

Декабрь ойида толиблар ўғирлаб кетилган бир неча самолёт ва вертолётлар қайтаришга муваффақ бўлганини айтган эди. Бироқ, улар бу самолётлар қайси давлатдан қайтариб олинганини очиқламадилар.

Кейинги ой Муҳаммад Ёқуб Ўзбекистон ва Тожикистонга ўғирлаб кетилган самолёт ва вертолётлар қайтарилмаса, «оқибати ёмон бўлиши» билан таҳдид қилди. Бу таҳдиддан сўнг Ўзбекистон Афғонистонга ҳеч қандай тушунтириш ва эълон қилмасдан электр энергияси етказиб беришни 60 фоизга қисқартирди. Бир кундан кейин таъминот тўлиқ тикланди. «Толибон» муаммони ҳал қилгани учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорчилик билдирди ва толиблар ҳукумати «барча қўшнилари билан яхши ва мустаҳкам муносабатларда бўлиш тарафдори» эканини таъкидлади.

Электр билан боғлиқ воқеадан кейин Қўшма Штатлар расмий баёнот билан чиқди. 18 январь куни АҚШ Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Жон Кирби афғон ҳарбийлари томонидан Ўзбекистон ва Тожикистонга ўғирланган самолётлар Афғонистонга қайтарилмаслигини айтди.

Бу воқеага Ўзбекистон расмийлари номидан Иргашев баёноти нуқта қўйди: самолётлар тақдирини ким пул тўлаган бўлса, ўша ҳал қилади.

Тўғри, Тожикистонга ўғирлаб кетилган самолётнинг тақдири нима бўлади, деган савол ноаниқлигича қолмоқда. Август ойида у ерга самолёт ва вертолётларда етиб келган афғон ҳарбийлари расмийлар томонидан АҚШ билан келишилган ҳолда Бирлашган Араб Амирликларига жўнатилган. Душанбе ўз ихтиёридаги самолёт ва вертолётлар билан боғлиқ вазиятга ҳеч қачон изоҳ бермаган.

Балки Душанбе уларнинг тақдирини мустақил ҳал қилолмам – эслатиб ўтаман, Россиянинг 201-ҳарбий базаси Тожикистонда жойлашган. Тожикистон, шунингдек, Россия назорати остидаги ҳарбий блок — КХШТ аъзоси. Россиянинг Украина ҳудудидаги махсус операцияси фонида Москва ва Вашингтон ўртасидаги муносабатлар ниҳоятда таранглашиб кетган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ