Қозоғистон Италиянинг Eni ва Британиянинг Shell компаниялари бошчилигидаги инвесторлар консорциуми билан келишмовчилик кучайгани сабабли Қорачиғаноқ конида газни қайта ишлаш заводи (ГҚЗ) қурилишини музлатиб қўйди. Лойиҳа асосий шартлар, хусусан, қурилиш нархлари бўйича унинг иштирокчилари ўртасидаги келишмовчиликлар туфайли хавфи остида қолган. Вазиятдан хабардор Bloomberg манбаларига кўра, Қозоғистон энди ГҚЗни мустақил қуриш имкониятини кўриб чиқмоқда. Лойиҳага нима тўсқинлик қилди ва нима учун бу завод Қозоғистон ҳукуматига ҳаводек зарур – «Фарғона» материалида.
Ғарбий Қозоғистондаги Қорачиғаноқ нефть ва газ конденсат кони 280 квадрат километрдан ортиқ майдонни эгаллайди ва дунёдаги энг йирик конларидан бири ҳисобланади. У 1997 йил 18 ноябрда Қозоғистон билан 40 йил муддатга имзоланган маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битим (МТБ) доирасида халқаро консорциум томонидан ишлаб чиқилмоқда. Қорачағаноқ лойиҳаси операторлари — Royal Dutch Shell ва Eni — ҳар бири 29,25 фоиздан тенг улушларга эга. Лойиҳада Chevron (18%) ва «ЛУКОЙЛ» (13,5%) компаниялари ҳам иштирок этмоқда. «КазМунайГаз» миллий компаниясининг улуши 10 фоизни ташкил этади.
Ишлаб чиқарилган нефтнинг асосий қисми (бу йил Қорачиғаноқда 11,14 миллион тонна нефть ва 25,57 миллиард куб метр газ қазиб олиш режалаштирилган) Каспий қувурлари консорциуми орқали экспорт қилинади. Ишлаб чиқарилган газга келсак, шартнома шартларига кўра, Қорачиғаноқ оператори унинг ҳажмининг камида 40 фоизини резервуарга қайтариши шарт. Бу ишлаб чиқариш даражасини сақлаб қолиш ва коннинг самарали ишлаши учун зарур. Амалда, қўшма газнинг учдан икки қисми қайтарилади, қолган учдан бир қисми Россияга, Оренбург газни қайта ишлаш заводига юборилади, чунки коннинг ўзида қайта ишлаш қувватлари йўқ. Россиянинг «Газпром» ва «КазМунайГаз» қўшма корхонаси томонидан биргаликда «Казросгаз» айнан шу мақсадда яратилган. Корхона Қорачиғаноқдан Оренбург газни қайта ишлаш заводига суюлтирилган газ (СУГ) ишлаб чиқариш учун хом ашё етказиб беради, шундан сўнг ёқилғи ваколатли савдогарлар орқали экспорт қилинади ва товар газининг бир қисми республикага қайтарилади.
Амалдаги келишувларга кўра, 2038 йилгача Қорачиғаноқдан Оренбург газни қайта ишлаш заводига йилига 9 миллиард куб метргача газ етказиб бериш мумкин. Aммо 1970 йилларда қурилган завод вақти-вақти билан таъмирланиб, газ қабул қилишни чеклайди. Бу, ўз навбатида, Қозоғистон конида ишлаб чиқаришни чеклайди ва унинг акциядорлари учун йўқотишларга олиб келади. Россиянинг Украинада махсус ҳарбий амалиёти бошланганидан уч йил ўтиб, Россия заводида режадан ташқари таъмирлаш ишларига яна бир муаммо – Ғарб санкциялари қўшилди.
Экспорт йўлидаги тўсиқлар
Март ойи ўрталарида Reuters агентлиги ўз манбаларига таяниб, Россиядан Европа Иттифоқига пропан ва пропан-бутан импортига эмбарго киритилганидан сўнг «Казросгаз» Оренбург газни қайта ишлаш заводидан суюлтирилган нефть газини ишлаб чиқариш ва экспорт қилишни тўхтатганини хабар қилган эди. Тақиқ жорий йилнинг бошидан кучга кирган.
Манбаларга кўра, Оренбург газни қайта ишлаш заводи январь-февраль ва март ойининг биринчи ярмида Қозоғистон хомашёсидан суюлтирилган нефть газининг тижорат партияларини ишлаб чиқармаган ёки экспорт қилмаган. «Бугун кейинги ишлар бўйича якуний қарор йўқ», — дея трейдерлардан бирининг сўзларидан иқтибос келтирган агентлик. Унинг сўзларига кўра, Оренбургда ишлаб чиқарилган Қозоғистон СУГ экспортчилари газнинг келиб чиқишини тасдиқлаш ва ҳатто Европага ташилаётган бўлмаса ҳам экспорт қилиш учун рухсат олиш зарурати туфайли банкларга сотиш ва тўловлар билан боғлиқ муаммоларга дуч келган.
Айтиш мумкинки, гап жуда катта партиялар ҳақида кетмаяпти — Reuters манбаларига кўра, 2024 йили «Казросгаз» Оренбург газни қайта ишлаш заводидан 180 минг тоннага яқин СУГ экспорт қилган, шу жумладан Афғонистонга 112 минг тонна, Польшага 53 минг тонна, Беларусь ва Латвияга — ҳар бир мамлакатга 7 минг тонна. Шунга қарамай, Остона учун юзага келган тўсиқлар унинг газни қайта ишлаш заводи қурилишини жадаллаштиришга ундайди, зеро бу борадаги музокаралар 2000-йиллардан бери давом этмоқда. Газни қайта ишлаш заводи шимолий қўшнисига қарамликни камайтиришдан ташқари, сўнгги йилларда саноат ва аҳоли томонидан газ истеъмоли рекордини янгилаётган ички бозордаги вазиятни ҳам барқарорлаштиришга ёрдам беради.
Ички тақчиллик
2022 йил февралида, Қозоғистонни қамраб олган қонли тартибсизликлардан бир ой ўтмай, президент Қосим-Жомарт Тўқаев мамлакат «жиддий энергетика инқирозига» дуч келаётганини айтганди.
«Ўтган йили дизел ёқилғиси, авиакеросин, суюлтирилган нефть гази ва электр энергияси танқислиги кузатилди. Бу нотўғри режалаштириш, назоратсизлик ва жисмоний шахсларнинг ғаразли ҳаракатлари туфайли содир бўлди. Бугунги кунда товар гази тақчиллиги хавфи мавжуд. Ўтган йили QazaqGaz унчалик ўйламасдан янги объекларнинг газга уланишига мораторий киритди», — деди давлат раҳбари ҳукумат йиғилишида.
Ўша йили Қорачиғаноқда газни қайта ишлаш заводини қуриш бўйича аниқ режалар эълон қилинганди. Декабрь ойида лойиҳа оператори бош директори Жанкарло Рую шундай деган эди: «Биз газни тегишли ҳолатга келтириш ва Қозоғистоннинг ўзида сотиш имкониятига эга бўлишимиз керак. Бугун биз акциядорлар билан ушбу ташаббусни амалга ошириш борасида гаплашяпмиз». Бу баёнот Оренбург заводида навбатдаги таъмирлаш ишлари вақтига тўғри келди.
Даставвал йилига 4 миллиард куб метргача газ ва 600 минг тонна СУГ ишлаб чиқариш қувватига эга газни қайта ишлаш заводини қуриш режалаштирилган эди. Лойиҳа 3-3,5 миллиард долларга баҳоланган, шундан сўнг Энергетика вазирлиги ва консорциум техник-иқтисодий асослашни ишлаб чиқишга киришган. Улар янги заводни 2028 йилда ишга тушириш ниятида эдилар.
Бироқ, ўтган йил охиридан буён лойиҳа бўйича ҳеч қандай ижобий ўзгаришлар кузатилмади ва май ойида Bloomberg ўз манбаларига таяниб хабар беришича, Eni ва Shell бошчилигидаги халқаро консорциум Қозоғистон томонидан лойиҳанинг рентабеллигини таъминлаш учун 1 миллиард доллар харажатларни қоплашни сўраган ва амалга ошириш муддатларини 2028 йилдан 2030 йилгача кўчиришни таклиф қилган.Бундан ташқари, инвесторлар завод қурилишини даромадни асоссиз ушлаб қолиш бўйича Қозоғистон билан арбитраж низога боғлашмоқчи бўлганлар.
Воқеаларнинг бундай ривожи лойиҳани «КазМунайГаз»га («Самрук-Казина» давлат фондининг шўъба корхонаси) ўтказиш имкониятини кўриб чиқишни бошлаган Қозоғистон раҳбариятига мутлақо маъқул келмади.
«Инвесторлар кетади, ГҚЗ эса қолади»
29 май куни Қозоғистон нефть конларига хизмат кўрсатувчи компаниялар иттифоқи ижрочи директори Нурлан Жумагулов ўзининг Energy Monitor телеграм-каналида иттифоқ Қозоғистоннинг акциядорлар шартларини қабул қилмаслик қарорини олқишлашини ёзди.
«Республика (PSAнинг ваколатли органи деб ўқилсин) акциядорлар шартларини қабул қилмаганидан хурсандмиз, лекин ГҚЗ қурилишини ўзи амалга оширишга тайёр (КМГ ва/ёки ҳамкор инвесторлар). Ахир инвесторлар кетади, ГҚЗ эса қолади: у кейинги авлодларга хизмат қилади (Қорачиғаноқда эса газ етарли)», — деди у.
Можаро ҳақида на Остона, на инвесторлар томонидан расмий изоҳ берилмаган. Бироқ, Upstream саноат нашрига кўра, Қозоғистон расмийлари аллақачон Eni ва Shellдан завод қурилиши билан боғлиқ барча ишларни тўхтатишни, шунингдек, лойиҳани бошқариш учун тузилган қўшма ишчи гуруҳни тарқатиб юборишни талаб қилган. Бу бўйича якуний инвестиция қарори июнь охиридан кечиктирмай қабул қилиниши кутилмоқда. Ҳозирча воқеалар ривожи Қозоғистоннинг ўзи заводни қуриши томон кетмоқда. Бироқ, кейинчалик яна бир масала кун тартибига қўйилади — Қорачиғаноқ кони бўйича амалдаги маҳсулот тақсимоти бўйича келишув муддати 2038 йилда тугайди ва расмийлар уни узайтирармикан?
-
27 Май27.05Кенесарихоннинг ҳаёти ва ўлимиСўнгги қозоқ хони инфомайдонни тарк этмаяпти
-
08 Май08.05Бу яқинда содир бўлгандиМарказий Осиё республикалари Иккинчи жаҳон урушидаги фожиали воқеаларни хотирлайди
-
08 Апрель08.04Диққат марказидаги Марказий ОсиёУйдан чиқмасдан туриб ҳам глобал ўйинчига айланиш мумкинлиги тўғрисида
-
19 Март19.03Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ҳамкорлигининг янги босқичиЕвропа комиссари Йозеф Сикеланинг Марказий Осиёга ташрифи натижалари
-
25 Февраль25.02ФотоПрезидент KrasnovҚозоғистоннинг собиқ бош чекисти Дональда Трампни КГБ агенти деб атади — бундан нима ўзгарди
-
18 Февраль18.02Сенсациялар, легионерлар ва хоккейчилар ўртасидаги муштлашувХитойда бўлиб ўтган Осиё ўйинларида марказий осиёлик спортчилар қандай эсда қолгани ҳақида