Тожикистонлик тадбиркор Россияда ҳалок бўлган 50 нафар мигрантларнинг жасадини ватанига етказиш билан боғлиқ харажатларни кўтарди

Жасадлар учун рефрижератор контейнерлари. Porebrik.media сайти фотосурати

Тожикистонлик тадбиркор вафот этган 50 нафар мигрантларнинг жасадлари юкланган рефрижераторнинг Россиядан Тожикистонга кетадиган йўл харажатларини тўлади. Махсус автомобиль 16 июнь куни йўлга чиқди, дея хабар беради “Азия-плюс” нашри Тожикистоннинг Россиядаги элчиси Имомуддин Саттаровга таянган ҳолда.

Гап Москва ва Москва вилоятида, Санкт-Петербургда, Владимир вилоятида, Уфада, Хабаровскда, Рязан вилоятида, Новосибирскда ҳамда Россиянинг бошқа ҳудудларида вафот этган Тожикистон фуқаролари ҳақида кетмоқда.

“Биз ушбу хайрия ишида элчихона билан ҳамкорлик қилган ватандошларимизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз, ушбу фаолият натижасида 50 нафар ватандошларимизнинг жасадлари ватанга жўнатилди”, — дея қайд этди Саттаров. Транспорт харажатларини кўтарган тадбиркор ўз исми-шарифини ошкор этилишини истамади.

Юкни олиб кетиш учун зарур ҳужжатлар Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги ёрдамида олинди, ҳужжатлар Тожикистоннинг Россиядаги дипломатик ваколатхонаси томонидан тайёрланган.

Сўнгги ойлар давомида вафот этган тожикистонликларнинг элликдан ортиқ жасадлари Россиядан Тожикистонга чартер рейслар ҳамда ер транспортлари воситасида етказилган. Шу жумладан, Уфа шаҳрида чўкаётган ёш болани қутқара туриб ҳалок бўлган тожикистонлик талаба Хожимурод Қаландаров 16 июнь куни Рудакий туманида дафн этилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ