Тожикистон ва Қирғизистонда юз берган табиий офатдан 11 киши ҳалок бўлди

«Радио Аззатык» сайти фотосурати

Тожикистон шимолида юз берган сел оқими натижасида 10 та одам ҳалок бўлди. Бу ҳақда РИА Новости агентлиги Тожикистон Фавқулодда вазият вазирлигининг матбуот хизмати раҳбари Умида Юсупова маълумотига таяниб хабар беради.

«Тожикистон ҳудудида тинмай ёққан ёмғир оқибатида Сўғд вилоятида 11 киши сел оқими қурбони бўлди», — дейди Юсупова. Унинг сўзларига кўра, Панжикент шаҳри яқинидаги Дашти Қозида маҳаллий аҳоли икки аёл танасини лойқалар остидан тортиб олган, 15 та хонадон вайрон бўлган, 35 та қорамол нобуд бўлган. Дашти Қози яйловларида ўнта чўпонни сел оқизиб кетган. «ФВВ қутқарувчилари бу ерга қидирув-қутқарув ишларини олиб боришга юборилган. Оқибатда саккизта чўпон мурдаси лойқалар остидан топилган. Яна икки одамни қидириш ишлари давом этмоқда», — дейди Юсупова.

Бундан ташқари, сел оқими Сўғд вилоятининг иккита тоғ туманида 10 километрли автомобил йўлини, 20 гектар экинзор ерни, иккита кўприк ва 23 та уйни ювиб кетган.

Қирғизистон Боткент вилоятининг Лайлак туманида ҳам сел оқими юз берган. Республика Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, 19 июлда ёққан ёмғир натижасида Қози Боғлон, Қатран, Лайлак,Тоғуз-Булоқ, Айкўл, Голбо ва Чимген қишлоқларида хонадонларни сув босган. Дастлабки маълумотларга кўра, Оқ-Терак қишлоғида 20 та хонадон, масжид, мактаб, болалар боғчасини сув босган. Сел 16 ёшли йигитни оқизиб кетган. Кейинчалик одамлар унинг жасадини топганлар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ