Франция Ички ишлар вазирлиги Тошкентдан Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни мувофиқлаштиради

Сирил Гу (чапда). gov.uz сайти фотосурати

Тошкентда Франция Ички ишлар вазирлиги вакили Сирил Гу ўз фаолиятини бошлади. У Марказий Осиё давлатларининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан ҳамкорликни мувофиқлаштириш учун масъул этиб тайинланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

17 сентябрь куни Гу Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Халқаро ҳамкорлик бошқармаси раҳбарияти билан учрашди. Томонлар ходимлар малакасини ошириш, тажриба алмашиш ва юқори даражадаги ташрифларни ташкил этиш масалаларини муҳокама қилди.

Франция элчихонаси Gazeta.uz'га аниқлик киритишича, Гу Марказий Осиёда ички хавфсизлик масалалари бўйича ягона француз атташеси ҳисобланади. Атташе Тошкентда фаолият юритади ва унинг масъулият доирасига Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Туркманистон киради.

Ушбу лавозим 2025 йилда Ўзбекистон ва Франция президентларининг учрашувлари якунлари бўйича, шунингдек, икки давлат ўртасидаги техник ҳамкорликни кенгайтириш доирасида таъсис этилган.

Франция Ички ишлар вазирлиги вакили ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини тайёрлаш, уюшган ва кибержиноятчиликка, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига, терроризм ва ноқонуний миграция тармоқларига қарши курашиш билан шуғулланади. Унинг фаолият йўналишлари қаторига чегара хавфсизлиги, фуқароларни ҳимоя қилиш ҳамда юқори лавозимли шахсларни қўриқлаш масалалари ҳам киради.

Элчихона маълум қилишича, Франция ва Ўзбекистон ушбу соҳаларда аллақачон ҳамкорлик қилиб келмоқда. Жумладан, полиция академиялари ўртасида тажриба алмашиш, фуқароларни ҳимоя қилиш, йўл ҳаракати хавфсизлиги, гиёҳвандлик воситалари ва кибержиноятчиликка қарши курашиш соҳаларида ҳамкорлик ривожлантирилмоқда.

Ўзбекистон ва Франция стратегик шериклик муносабатларини 2025 йил март ойида ўрнатган. Қўшма декларацияда мамлакатлар хавфсизлик соҳасида, жумладан, уюшган жиноятчилик, гиёҳвандлик воситалари, ноқонуний қурол-яроғ ва одам савдоси, ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, куч ишлатар тузилмалари ўртасида ахборот алмашинуви ва мутахассисларни биргаликда тайёрлашни кенгайтиришга келишиб олган.

Шу йил апрель ойида Ўзбекистон Ички ишлар вазири Азиз Ташпўлатов Франция президентининг маслаҳатчиси, разведка ва терроризмга қарши кураш бўйича миллий координатор Паскаль Майос билан учрашди. Томонлар терроризм ва экстремизм, трансмиллий уюшган жиноятчилик, одам савдоси ҳамда кибержиноятчиликка қарши курашиш масалаларини муҳокама қилди. 2026 йил май ойида Ташпўлатов ва Франция элчиси Валид Фук икки мамлакат ички ишлар вазирликлари тизимидаги таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни ва тор ихтисосликдаги мутахассисларни тайёрлашни ривожлантиришга келишиб олди.

Аввалроқ Ўзбекистон шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш мезони мамлакатдаги даражага мос бўлган 49 та давлат ва ҳудуд рўйхатини тасдиқлаган эди. Рўйхатдан Франция ҳам ўрин олган. Шахсий маълумотлар ушбу рўйхатга киритилган давлатларга халқаро келишувлар асосида ташкил этилган ахборот тизимлари орқали қўшимча рухсат олиш ёки ваколатли органни хабардор қилиш талаб этилмаган ҳолда узатилиши мумкин.