Ўзбек қурувчилари биринчилардан бўлиб чартер поездларида Россияга борадилар

Рtzgovorit.ru сайти фотосурати

Россия Қурилиш вазирлиги Ўзбекистондан меҳнат мигрантларини чартер поездларда ташишга доир тажриба лойиҳасини амалга оширади. Бу ҳақда Шарқий иқтисод форумида сўз юритилди, деб хабар беради ТАСС.

«Ҳозирда [бош вазир ўринбосари] Татьяна Голикова топшириғига биноан масалани ўрганиб чиқяпмиз. Келгуси ҳафта Ўзбекистонга бориб, у ерда тажриба усулида меҳнат мигрантларини саралаш, уларни эмлаш каби ишларни амалга оширамиз. Бу эса меҳнат мигрантларини уюшган, хавфсизлик чораларига риоя қилинган ҳолда поездларда Қозоғистон ҳудудидан транзит олиб ўтишимизга имкон беради», — деди РФ Қурилиш вазирининг ўринбосари Никита Стасишин.

Унинг сўзларига кўра, меҳнат мигрантларини поездларда ташиш механизми йил охиригача ҳал этилади.

Қурилиш вазирлиги 2021 йил июлда бу каби рейсларни ташкил этиш таклифини илгари сурганди. Қурилиш компаниялари чартер поездларида керакли ишчилар миқдорини белгилаб буюртма беради. «Бугунги кунда РЖД («Россия темир йўллари») тизимида чартер поездлари шаклланмоқда, яъни бирданига тўлиқ таркибда меҳнат мигрантларини ташиш имкони пайдо бўлади. Лекин бу ишлар уюшган ҳолда амалга оширилиши лозим. <…> Биз РЖД га буюртма берамиз, турган гап бу чартер самолётларидан арзонга тушади.. <…> Бир пайтнинг ўзида уюшган ҳолда 1000 та одамни олиб кетишимиз мумкин», — деганди ўшанда Стасишин.

Кейинчалик РФ Бош вазири ўринбосари Марат Хуснуллин «ҳозирда ишчилар жудаям етишмаяпти. Яқин ойларда ишчиларни қурилишларга етказиш амалиётини енгиллатамиз», деганди.

Қурилиш вазирлигининг маълумотларига кўра, бугунги кунда Россия уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида 3 млн одам етишмайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ