Россия 5 октябрдан бошлаб Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон билан авиарейсларни кўпайтиради

Мintrans.uz сайти фотосурати

Россия 5 октябрдан Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, шунингдек Бахрейн, Ҳиндистон ва БАА билан мунтазам авиапарвозлар сонини кўпайтиради. Коронавирусга қарши кураш тезкор штаби шундай қарор қабул қилди, деб хабар беради РФ ҳукумати матбуот хизмати.

Москвадан Тошкентга бўлган парвозлар ҳафтасига тўрт марта, Хўжанд ва Кулобга икки мартадан амалга оширилади. Бундан ташқари, Россия аэропортларидаги рейслар кўпайтирилади, Бохтар, Душанбе, Хўжанд ва Кулоб йўналишлари бўйича ҳафтасига иккитадан янги рейслар йўлга қўйилади.

Шу санадан бошлаб Қирғизстон шаҳарларига қуйидаги рейслар уюштирилади: Москва — Ўш — ҳафтасига тўрт марта; Санкт-Петербург — Бишкек, Санкт-Петербург — Ўш, Новосибирск — Ўш, Красноярск — Ўш, Екатеринбург — Ўш ва Иркутск — Ўш бўйича парвозлар ҳафтасига бир мартадан амалга оширилади.

Шунингдек, Москвадан ҳафтасига икки мартадан Бухоро ва Самарқандга янги рейслар очилади. Москвадан Урганч, Наманган, Фарғона, Андижон, Термиз шаҳарларига ҳафтасига бир мартадан рейслар уюштирилади.

Коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш мақсадида 2020 йил 22 мартдан бошлаб Россиядан бошқа давлатларга мунтазам авиапарвозлар чекланган эди. Россия ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида бир неча ой мабайнида фақат чартер рейслар қатнаётган эди. Россия Федерацияси Қирғизистон билан мунтазам авиапарвозларни ўтган йил декабрь ойида, Ўзбекистон ва Тожикистон билан эса 2021 йил 1 апрелдан бошлаб қайта тиклади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ