Тожикистон ТИВ раҳбари Тошкентда янги элчихона биноси қурилишини бошлаб берди

Тошкентдаги Тожикистон элчихонасиниг янги биноси. Тожикистон ТИВ матбуот хизмати фотосурати

8 декабрь куни Тожикистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси учун янги бино қурилишига старт берилди. Маросимда Тожикистон Республикаси ташқи ишлар вазири Сирожиддин Мухриддин қатнашди, деб хабар беради Mfa.tj.

Тожикистон элчихонасининг янги биноси 1,40 гектар ҳудудни эгаллайди. Лойиҳага кўра, Элчихона мажмуаси Тожикистон дипломатик миссияси раҳбарининг қароргоҳи, консуллик биноси, элчихона ходимларининг яшаш хоналари, зиёфат ва конференц заллар, спорт майдончаси ҳамда автотураргоҳдан иборат бўлади.

Элчихона мажмуаси 2018 йили имзоланган «Элчихона учун ер ажратиш бўйича Тожикистон билан Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида келишув» асосида барпо этилмоқда.

Дипмиссия учун Тошкентнинг Себзор даҳасида майдон ажратилган. Келишув имзоланганидан сўнг бу ерда Тожикистон, Ҳиндистон ва Хитой элчихоналари қурилиши учун 370 нафар одам пропискада бўлган 79 та хонадон бузилди.

2022 йили Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчихонаси янги биносини қуриш кўзда тутилган ва у Абу Али ибн Сино проспектидаги 1,2 гектар майдонда қад кўтаради. Унда элчихона билан боғлиқ объектлар барпо этилади. Ер участкаси 49 йил давомида Ўзбекистон ҳукумати ихтиёрида бўлади, ижара нархи йилига — 1 доллар.

Ҳозирда Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонаси Душанбенинг Санои кўчасида жойлашган, Тожикистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси эса Тошкентнинг Абдулла Қаҳҳор кўчасида фаолият юритмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ