Футбол бўйича ёшлар ўртасидаги Осиё кубогининг очилиш ўйинида Ўзбекистон Туркманистонни мағлуб этди

Ўзбекистон терма жамоаси футболчилари. championat.asia сайти фотосурати

Ўзбекистон U-23 терма жамоаси ёшлар ўртасидаги Осиё кубоги стартида туркманистонлик тенгдошларини 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Бу ҳақда Soccerway хабар беради.

Ўзбекистонлик футболчилар дастлабки дақиқаларданёқ устунликни қўлга киритиб, бир қанча хавфли вазиятларни юзага келтиришди. Жасур Жалолиддинов ва Ҳусайн Норчаевда гол уриш учун ажойиб имкониятлар бўлган бўлса-да, Туркманистон терма жамоаси дарвозабони Расул Чарев ишончли ҳаракат қилди. Учрашувнинг 74-дақиқасида ўйин ҳаками Туркманистон терма жамоасининг жарима майдончаси ичида қўл билан тўпини қайд этиб, Ўзбекистон фойдасига пеналти белгилади. Пеналтини Улуғбек Ҳошимов голга айлантирди.

Ўтказиб юборилган голдан сўнг туркманистонликлар олдинга ўтиб, икки бор рақиб дарвозасига хавфли тарзда таҳдид қилишди. Аввалига Мейис Дениев дарвоза тўсинига зарба берди, кейин ўзбекистонлик дарвозабон Абдувоҳид Неъматов Илёс Тайжоновнинг хавфли жарима зарбасидан кейин жамоасини қутқариб қолди.

«А» гуруҳининг яна бир учрашувида Эрон ва Қатар терма жамоалари 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади.

Шундай қилиб, Ўзбекистон терма жамоаси турнир жадвалида биринчи ўринни эгаллаб турибди.

«В» гуруҳида Австралия Қувайтни 2:0 ҳисобида мағлуб этган бўлса, Иордания ва Ироқ 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. «D» гуруҳидан жой олган Тожикистон терма жамоаси 3 июнь куни Саудия Арабистонига қарши баҳс олиб боради.

«А» гуруҳида 2-тур ўйинлари 4 июнь куни бўлиб ўтади. Ўзбекистон Қатар билан, Туркманистон эса Эрон билан ўйнайди.

1-19 июнь кунлари Тошкент ва Қарши шаҳарларидаги стадионларда U-23 Осиё кубоги мусобақалари бўлиб ўтади. Турнирда 16 та жамоа иштирок этади. Жанубий Корея амалдаги чемпион ҳисобланади.