Тоғли Бадахшонни хавфсизлик кучлари ходимларидан иборат ўнлаб ҳарбий машиналар тарк этди

"Озоди" сайти фотосурати

Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон автоном вилояти (ТБАВ) ҳудудини уч кун ичида ҳарбийлардан иборат 30 дан ортиқ машина тарк этди. Бу ҳақда «Озоди» (Россия Федерациясида хорижий агент сифатида тан олинган «Озодлик» радиосининг тожик хизмати) Хоруғ ва Рушон туманидаги манбаларига таяниб хабар берди.

Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, машиналарнинг ҳар бирида 20 дан 30 гача аскар бўлган. Расмийлар ТБАВ ҳудудидан ҳарбий хизматчиларнинг олиб чиқилишига изоҳ бермаган.

«Ҳарбийлар бунчалик катта миқдорда олиб кетилишига ҳеч қачон гувоҳ бўлмаганмиз», — дейди исми сир қолишни маъқул кўрган Рушон тумани аҳолисидан бири.

Тоғли Бадахшон маъмурий маркази бўлмиш Хоруғлик гувоҳлар ҳам кўплаб ҳарбийлар шаҳарни тарк этганини маълум қилишди.

Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, Рушон, Ванж ва Дарвазга кираверишдаги постларда фақат йўл полицияси ходимлари қолган.

«Ўтган ҳафта охиригача ҳарбийлар кираверишда йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари билан бирга туришди, улар нафақат ҳайдовчи ва йўловчиларнинг ҳужжатларини, балки багаж таркибини ҳам текширишди. Тўртинчи кундирки, ҳарбийлар кўринмаяпти, йўлларда синчковли текширув ҳам йўқ», — деди Хоруғликлардан бири.

Ўтган йил 25 ноябрь куни ТБАВнинг Роштқалъа тумани Тавдем қишлоғида хавфсизлик кучлари томонидан ўтказилган махсус операция чоғида маҳаллий аҳоли вакили Гулбиддин Зиёбеков ўлдирилганидан кейин Помирда вазият оғирлашган. Кейинчалик норозилик намойишлари ва расмийлар билан тўқнашувлар чоғида яна икки киши ҳалок бўлган, 17 киши яраланган.

16 май куни бўлиб ўтган норозилик намойишларига ҳам Зиёбековни айбсиз ўлдиргани ва жазосиз қолганларни жавобгарликка тортиш талаблари сабаб бўлган. Расмийларга кўра, Зиёбеков бир қанча оғир жиноятлар, жумладан, гаровга олиш ва минтақавий адоватни қўзғатиш каби жиноятларни содир этган ва у ҳибсга олишда қаршилик кўрсатгани учун ўлдирилган.

17 май куни Хоруғликлар яна кўчага чиқдилар. Расмийлар уларга қарши махсус техника: резина ўқлари ва кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланган. Расмий маълумотларга кўра, ўша куни Хоруғлик бир фуқаро ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идораларининг 3 нафар ходими яраланган. Маҳаллий аҳолининг айтишича, бир неча намойишчи ҳам яраланган.

Эртаси куни Тожикистон Ички ишлар вазирлиги хавфсизлик кучлари «аксилтеррор операцияси» ўтказаётганини маълум қилди, чунки «Рушон тумани марказида барча турдаги қуроллардан фойдаланган ҳолда 200 кишидан иборат уюшган жиноий гуруҳлар «Душанбе-Хоруғ» автомобиль йўли ва 3 пунктда чегара комендатурасигача бўлган йўлни тўсиб қўйишган . Хавфсизлик кучларининг амалиёти давомида ўнлаб одамлар ҳалок бўлди, 100 дан ортиқ намойишчи ҳибсга олинди.

Тожикистон ҳукумати норозилик намойишлари ноқонуний бўлгани ва намойишчилар ноқонуний гуруҳларга аъзо бўлгани, улар хориждан пул ва мамлакатни беқарорлаштириш бўйича кўрсатмалар олганини таъкидлади. Маҳаллий аҳолининг айтишича, улар бир неча ойдан бери расмийлар томонидан қаттиқ босим остида қолгани учун ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун кўчаларга чиқишган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ