Таэквондо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси илк бор кореяликларни ортда қолдириб, Осиё чемпионлигини қўлга киритди

Шуҳрат Салаев. olympic.uz сайти фотосурати

Таэквондо WТ бўйича Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси тарихда илк бор умумжамоа ҳисобида Жанубий Корея терма жамоасидан ўзиб кетди ва Осиё чемпиони бўлди. Бу ҳақда Осиё таэквондо иттифоқининг расмий сайтида хабар берилди.

Турнирда ўзбекистонлик таэквондочилар тўртта олтин медални қўлга киритди. Улуғбек Рашитов (68 килограммгача), Жасурбек Жайсунов (74 килограммгача), Шуҳрат Салаев (80 килограммгача) ва Никита Рафалович (87 килограммгача) терма жамоага совринларни олиб келди.

Жанубий кореяликлар учта олтин ва битта бронза медалини қўлга киритиб, иккинчи, тўртта кумуш медали бор Иордания терма жамоаси учинчи ўринни эгаллади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси эркаклар ўртасида умумжамоа ҳисобида Осиё чемпионлигини қўлга киритган Жанубий Корея ва Эрондан кейин тарихда учинчи жамоа бўлди.

Қозоғистонлик спортчилар тўртта бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида олтинчи бўлишди. Медаллар Жасурбек Исроилов (58 килограммгача), Адилет Базарбоев (63 килограммгача), Нурлан Мирзабоев (80 килограммгача) ва Смаил Дуйшебай (87 килограммгача) ҳисобида.

Аёллар жамоалари ўртасида умумжамоа ҳисобида Эрон терма жамоаси учта олтин, иккита кумуш ва битта бронза медалини қўлга киритиб, биринчи ўринни эгаллади. Қозоғистонлик аёллар битта кумуш ва учта бронза медали билан бешинчи ўринни эгаллади. Кумуш Кансел Дениз (73 кг гача), бронза Рита Бакишева (46 кг гача), Бўтакоз Капанова (49 кг гача) ва Нурай Хусаинова (67 кг гача)га насиб этди.

Ўзбекистонлик аёллар битта кумуш ва иккита бронза медали билан олтинчи ўринни эгалладилар. Кумушни Чарос Қаюмова (53 килограммгача), бронзани Феруза Садикова (62 килограммгача) ва Светлана Осипова (73 килограммгача) қўлга киритди. Шунингдек, 67 килограмм вазн тоифасида Тожикистон вакили Моҳру Халимова бронза медалини қўлга киритди.

Мусобақанинг энг яхши спортчиси деб ўзбекистонлик Жасурбек Жайсунов топилди. Энг яхши мураббий деб Ўзбекистон миллий терма жамоаси раҳбари Павел Хан топилди.

Павел Хан ва Жасурбек Жайсунов. olympic.uz сайти фотосурати

24-27 июнь кунлари Жанубий Кореянинг Чунгчхон шаҳрида таэквондо WТ йўналиши бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Қитъа турнири 1974 йилдан бери ҳар икки йилда бир марта ўтказиб келинмоқда. Ғалабалар сони бўйича мутлоқ пешқадам Жанубий Корея термаси – эркаклар жамоаси 20 марта, аёллар жамоаси 13 марта ғалаба қозонган. Эрон эркаклар терма жамоаси тўрт марта, аёллар жамоаси бир марта мусобақада ғолиб чиққан.