Мирзиёев чет эл брендларини тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга жалб этиш бўйича топшириқ берди

Андижондаги «ВБМ Текстиль Груп» корхонаси ишчиси.Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Йил охиригача Ўзбекистонда тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга камида 50 та хорижий бренд жалб этилиши керак. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 28 июнь куни бўлиб ўтган йиғилишда кўрсатма берди.

«Ўзбек пахтасига бойкот бекор қилинганидан сўнг, хорижий бренд ва йирик компаниялар маҳаллий корхоналар билан ҳамкорлик қилишга, миллий маҳсулотларимизга катта қизиқиш билдирмоқдалар. Лекин, очиқ айтиш керак, тўқимачилик саноатини ташқи бозорларга олиб чиқиш, брендлар ва йирик корхоналарни жалб қилишда элчихоналар ишламаяпти.
Мисол учун, биздаги Туркия, Хитой, Германия каби бошқа давлатлар элчилари ўз мамлакати тадбиркорларининг манфаатини ҳимоя қилиш учун вазир, ҳоким, ҳатто корхонагача боришдан чарчамайди. Лекин, бизнинг элчиларда бундай ташаббус ҳали йўқ!»,деди президент.

У Ўзбекистон ҳудудларига брендлар олиб келинмаса, маҳаллий маҳсулотларнинг жаҳон бозорида рақобатлашиши қийин бўлишини таъкидлади.

Мирзиёев Ўзбекистоннинг Испания, Германия ва Швеция, Буюк Британия, Франция, Италия, Польша, Япония, Туркия ва АҚШдаги элчиларига ушбу масала билан шуғулланиш бўйича топшириқ берди. У камида 30 нафар ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчининг маҳсулотларини халқаро кўргазмаларда намойиш этиш, камида 50 миллион долларлик буюртмалар олиш вазифасини қўйди.

Тайёр тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш ҳажмини ошириш учун:

👉 Ўзбекистонда тадбиркорлар учун кенг шароитлар яратилган алоҳида саноат зоналари ташкил этилади;

👉 хорижий брендларга тайёр маҳсулотлар етказиб бериш учун махсус рейслар йўлга қўйилади;

👉 бўялган трикотаж ва газламаларни экспорт қилувчилар 10% гача субсидиялар олади;

👉 ҳудудларда брендлар учун зарур фурнитура ва аксессуарлар ишлаб чиқаришни ташкил этади;

👉 Экспортни қўллаб-қувватлаш агентлиги экспорт қилувчи корхоналарга айланма маблағларни тўлдириш учун 5 миллион долларгача маблағ ажратади;

👉 Хориждаги ижара харажатлари қопланадиган омборларнинг максимал майдони 100 дан 500 квадрат метргача оширилади. Ушбу мақсадлар учун 100 миллион доллар ажратилади.

Мирзиёев тўқимачилик корхоналарини халқаро молиявий ҳисобот стандартларига ўтказиш зарурлигини таъкидлади. «Бу жаҳон бозорига чиқиш, хорижий брендлар билан ҳамкорлик қилиш ва тўғридан-тўғри кредитлар жалб этишга йўл очади», деб тушунтирди президент.

Тўқимачилик корхоналарини хомашё билан узлуксиз таъминлаш, солиқ ва божхона маъмуриятчилигини соддалаштириш чора-тадбирларини маълум қилди. Давлат раҳбари кадрлар тайёрлаш масаласига алоҳида тўхталиб ўтди. Тўқимачилик ва енгил саноат институти ва Ўзбекистон-Корея тўқимачилик технопарки интеграциялаштирилиб, янги ўқув йилидан бошлаб институтда дуал таълим тизими жорий этилади: ўқитишнинг назарий қисми ўқув курси асосида, амалий қисми эса иш жойида бўлиб ўтади.

Ўша йиғилишда Ўзбекистон президенти ҳузурида Инновацион тараққиёт вазири раҳбарлигида Пахтачилик бўйича кенгаш ташкил этилиши эълон қилинганди. Кенгаш ҳар йили ҳудудлар ва кластерлар бўйича серҳосил ва эртапишар навларни кўпайтириш ва экишни белгилайди, иқлим ва ҳарорат ўзгаришини ҳисобга олган ҳолда гербицидлар, пестицидлар ва ўғитлардан фойдаланишни тартибга солади. Ҳашарот-зараркунандаларига қарши курашиш учун ҳар бир ҳудудга мос агротехнологиялар ҳам ишлаб чиқилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ