Туркманистонда дунёдаги IP-манзилларнинг учдан бир қисми блокланган

Туркман ёшлари. turkmenportal.com сайти фотосурати

Туркманистонда блокланган IP- манзиллар сони 1,2 миллиардга етди, бу компьютер тармоғидаги дунёдаги ноёб рақамли қурилмалар идентификаторларининг учдан бир қисмини ташкил этади. Бу ҳақда Turkmen.news вазиятдан хабардор манбага таяниб хабар беради.

Манбага кўра, жорий йилнинг октябрь ойи бошида Туркманистонда интернет сайтларини блоклаш янада қаттиқлашган. Бир ҳафтадан камроқ вақт ичида 65 000 IP-манзилдан иборат кўплаб пастки тармоқлар блокланган. Нашрнинг ёзишича, Туркманистонда 4,3 миллиард 32-битли IP-манзиллардан 1,2 миллиарди блоклангани «жўн рақам» ҳисобланади.

Сўнгги пайтлар мамлакатда оммавий блоклашлар туфайли VPN хизматлари амалда ишламай қолган. Битта VPN аниқланганда, хавфсизлик хизматлари у жойлашган бутун тармоқни дарҳол ёпади.

Аввалроқ мамлакатда барча хорижий ижтимоий тармоқлар, YouTube, мустақил ОАВ сайтлари ва Туркманистон ҳукуматини танқид қилиш мумкин бўлган бошқа интернет ресурслари блокланган эди. 2021 йилнинг кузигача, хавфсизлик хизматлари қуйи тармоқларни блоклашни бошлаганида, Туркманистон аҳолиси VPN-лар ёрдамида блокларни четлаб ўтиш имконига эга эди. Аммо, Миллий хавфсизлик вазирлигига чақириш билан одамларга таҳдид қилинган. Барча машҳур мессенжерлар мамлакатда ишлашни тўхтатгандан сўнг, фуқаролар ICQга қайтишга мажбур бўлишган.

2021 йили Туркманистон ҳукумати 29 миллион евродан ортиқ миқдорда киберхавфсизлик хизмати учун ускуналар етказиб бериш учун Руминиянинг NTT DATA Romania S.A компанияси билан шартнома имзолаган. Жорий йилнинг сентябрь ойида Turkmen.news нашри 2022-2025 йилларга мўлжалланган Туркманистоннинг киберхавфсизлигини таъминлаш бўйича «хизмат юзасидан фойдаланиш учун» деб белгиланган Давлат дастури таҳририят ихтиёрига тушиб қолганиҳақида хабар берганди. Дастурда, жумладан, автоном Миллий рақамли тармоқни яратиш назарда тутилган.