Туркманистон Хитойга газ етказиб бериш бўйича Россиядан ўзиб кетди

Туркманистон-Хитой газ қувури. news.cgtn.com сайти фотосурати

Туркманистон йил бошидан буён Хитойга энг кўп газ етказиб берувчи давлатга айланди. Биргина август ойида Хитой 2,9 миллиард куб метр туркман газини сотиб олди, дея хабар беради Interfax Хитой Бош божхона маъмурияти маълумотларига таяниб.

Август ойида газ етказиб бериш бўйича Туркманистон ҳатто Хитойга 2,4 миллиард куб метр экспорт қилган Россиядан ҳам ўтиб кетган (шу жумладан, 1 миллиард куб метрдан кўпроғи СТГ (суюлтирилган табиий газ) кўринишида етказиб берилди), бу эса газ етказиб бериш тарихида максимал кўрсаткич ҳисобланади.

«Август ойида Хитой Россиядан жами 409,37 миллион долларга табиий газ импорт қилган. Бу кўрсаткич 2017 йил январидан бери энг юқори кўрсаткич бўлиб, Хитой божхонаси учун максимал кузатув даври ҳисобланади», — дея маълум қилди Россия ТИВнинг Хитойдаги матбуот хизмати.

Хитой Ашхободга қанча пул тўлагани айтилмаган, чунки туркман гази нархини ҳисоблаш формуласи сир сақланади.

Туркманистон тасдиқланган табиий газ захиралари бўйича дунёда тўртинчи ўринда туради. Туркманистон табиий газининг асосий ҳажми Хитойга Туркманистон-Ўзбекистон-Қозоғистон-Хитой трансмиллий газ қувурининг учта линияси орқали экспорт қилинади. Тўртинчи шохобчани Туркманистон-Ўзбекистон-Тожикистон-Қирғизистон-Хитой йўналиши бўйлаб ётқизиш режалаштирилган. Туркманистон газини Хитойга етказиб бериш йилига 65 миллиард куб метрга етказиш режалаштирилган. 2021 йили Хитойга 34 миллиард куб метрга яқин туркман гази етказиб берилган.

Туркманистон Россия ва Озарбайжонга Эрон орқали, Ўзбекистонга эса Россиянинг «Газпром» компанияси орқали газ етказиб беради.

Туркманистон-Афғонистон-Покистон-Ҳиндистон (ТАПҲ) газ қувури лойиҳаси амалга ошириш босқичида. 1853 км узунликдаги қувур Туркманистондаги Галкиниш газ конидан йилига 33 миллиард куб метргача табиий газни Афғонистондаги учта қувурга, Покистондаги учта қувурга ва Ҳиндистон бозорини таъминлаш учун Покистон-Ҳиндистон чегарасидаги сўнгги қувурга ўтказади.

Хитойга газ экспорт қилувчи давлатлар орасида учинчи ўринда Австралия бўлиб, у август ойида 2,278 миллиард куб метр газ етказиб берган.

Умуман олганда, 2022 йил август ойида Хитой 13,196 миллиард куб метр газ (-4%), шу жумладан қувурлар орқали 5,528 миллиард куб метр (+10%) сотиб олди, бу етказиб бериш тарихидаги максимал кўрсаткич ҳисобланади, 7,668 миллиард куб метр ( 5,897 миллион тонна) СТБ шаклида бўлган.