Москвада ўғирлаб кетилган помирлик йигит Душанбеда 13 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Рамзи Вазирбеков. "Озоди" сайти фотосурати

Душанбе суди Москвада ўғирлаб кетилган фуқаролик фаоли Рамзи Вазирбековни 13 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда «Озоди» (Россия Федерациясида хорижий агент сифатида тан олинган «Озодлик» радиосининг тожик хизмати) хабар берди.

Радио манбаларига кўра, ҳукм 5 ноябрь куни, яъни суд Рамзийнинг укаси Ораз Вазирбековга (16 йиллик қамоқ жазоси) тайинланган куни эълон қилинган. Суд мажлиси тергов изоляторида ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтган.

Маҳкум яқинларининг сўзларига кўра, суд уни Тожикистон Жиноят кодексининг икки моддаси – 187-моддаси 2-қисми («Жиноят гуруҳда иштирок этиш») ва 307-моддаси 2-қисми («Оммавий ахборот воситалари ёки Интернетдан фойдаланган ҳолда, конституциявий тузумни ўзгартириш чучн зўрлик ишлатишга оммавий чақириқлар қилиш») бўйича айбдор деб топган.

«Биз фақат охирги сўзда Рамсай ўзига қўйилган барча айбловларни рад этганини биламиз. Бошқа ҳеч нарса билмаймиз», — дейди «Озоди» суҳбатдоши.

Рамзи ва Ораз Вазирбековлар 29 июль куни Екатеринбургдан учиб келган «Домодедово» аэропортида ўғирлаб кетилган. Ака-ука Россия фуқаролигига эга ва сўнгги йилларда Россияда доимий яшаб келишган. Журналист Анора Сакорованинг сўзларига кўра, улар «Раҳмон режимининг принципиал мухолифлари бўлган ва Тожикистонда инсон ҳуқуқлари қўпол равишда поймол этилаётганини очиқ танқид қилишган».

31 июль куни «Беҳдошт» телеканали Вазирбековлар иштирокидаги видеони эълон қилган ва унда ака-укалар Тожикистонга ўз ихтиёри билан келганликлари ва Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг саволларига жавоб беришга тайёр эканликларини айтишган. Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари маҳбусларнинг ғайритабиий хатти-ҳаракатлари, имо-ишоралари ва кўзларига эътибор қаратиб, ўғирлаб кетилган фаолларга тақиқланган препаратлардан укол қилинган бўлиши мумкинлигини тахмин қилишди. Кейинроқ Ораз Вазирбековнинг рафиқаси эрининг Тожикистонга кетиши ўз ихтиёри билан бўлмагани ва «Беҳдошт» телеканали видеоси саҳналаштирилганини айтган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ