Интерпол қидирувида бўлган тожикистонлик Москвада қўлга олинди

znamkaluga.ru сайтидан иллюстратив фотосурат

Москва ҳуқуқ-тартибот идоралари Интерпол томонидан қидирувга берилган 38 ёшли тожикистонлик Комилжон Қулбошевни ҳибсга олди. РEН ТВ телеканали ўз манбасига таяниб хабар беришича, бу инсон Тожикистонда жиноий гуруҳ ташкил қилган, бироқ 2023 йил март ойида у мамлакатни тарк этиб, Россияга кўчиб ўтган.

«Тожикистон жиноятчини Интерпол орқали қидирувга берган. Комилжон Кулбошев Россияга 1 март куни кириб келган», деб тушунтиради телеканал манбаси.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан аниқланганидек, тожикистонлик яқинда Павелецкая набережная манзилидаги ётоқхонада яшаган. 20 март куни кечқурун у ерга хавфсизлик кучлари келиб, уни қўлга олишган. Айни пайтда Қулбашев ҳибсда ушлаб турилибди.

Бошқа тафсилотлар ҳақида маълумот берилмаган, хусусан, ҳибсга олинган шахс қандай жиноий гуруҳ тузгани ва унинг раҳбарлигида нима қилгани номаълум.

Ўз навбатида, «Азия-Плюс» нашрининг хабар беришича, худди шундай исмли шахс Комилжон Қулбошев 2014 йил июн ойида Тожикистонда «Толибон»* радикал ҳаракати сафида Афғонистондаги олтита ҳарбий операцияда иштирок этганликда айбланиб ҳибсга олинган.

Шундан сўнг Тожикистон Ички ишлар вазирлиги 30 ёшли Кулбошев Комилжон Абдумўминович ва 29 ёшли Тошпўлотов Умарали Қиёмович жиноий гуруҳ ташкил этишда гумон қилиниб, қўлга олингани ҳақида хабар берган.

«2014 йил май ойида улар Афғонистонда АҚШ коалиция кучларига қарши курашаётган «Толибон» ҳаракатининг бошқа аъзолари билан биргаликда Афғонистон давлат чегарасини кесиб ўтишган. 2010-2014 йиллар давомида улар толиблар билан бирга жами 6 марта жанговар ҳаракатларда қатнашган. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда», — дейилади ИИВ хабарида.

Айни пайтда Қулбошевни экстрадиция қилиш жараёни бошланган. Тожикистон томони тақдим этган далиллар асосида Россия прокуратураси ҳибсга олинган шахсни экстрадиция қилиш ёки бермаслик масаласини ҳал қилади. Эслатиб ўтамиз, сўнгги йилларда Россия Тожикистоннинг қидирувдаги шахсларни экстрадиция қилиш бўйича деярли барча сўровларини қаноатлантирган.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ