2023 йил бошидан буён Ўзбекистон ва Сингапур ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми олти баробар ошди

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

2023 йил бошидан буён Ўзбекистон ва Сингапур ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми олти баробар ошди, деб хабар беради Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

Сингапур Ўзбекистон учун энг йирик инвесторлардан бирига айланди. Томонлар транспорт, энергетика, кимё ва тўқимачилик саноати, шаҳарсозлик, таълим ва бошқа соҳаларда қиймати 3,8 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Бу маълумотлар Сингапур президенти Ҳалима Ёқубнинг 23—25 май кунлари бўлиб ўтадиган Ўзбекистонга давлат ташрифи муносабати билан эълон қилинди. Ташриф доирасида икки давлат президентлари ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Учрашувда Сингапур президентининг ташрифи давлатлар ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан кейинги 25 йил ичида биринчи ташриф бўлгани таъкидланди.

«Музокараларда сиёсий мулоқот ва парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш, халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлаш, давлат бошқаруви соҳасида кадрлар тайёрлаш дастурларини амалга ошириш, жамоат хавфсизлиги ва маданий-гуманитар алмашинув бўйича мулоқотларни фаоллаштириш масалаларига катта эътибор қаратилди», — дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарида.

Шавкат Мирзиёев ва Ҳалима Ёқуб иштирокида еттита ҳужжат имзоланди, жумладан:

👉 2023-2026 йилларга мўлжалланган маданият соҳасида ҳукуматлар ўртасидаги ҳамкорлик меморандуми;

👉 Адлия вазирликлари ўртасида 2023-2024 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури;

👉 Ўзбекистон Маданият ва туризм вазирлиги ва Сингапур сайёҳлик агентликлари миллий ассоциацияси ўртасида ҳамкорлик шартномаси.

Ўзбекистон-Сингапур саммити якунида Шавкат Мирзиёев ва Ҳалима Ёқуб «Кўксарой» қароргоҳидаги Фахрий меҳмонлар хиёбонида арча ўтқаздилар.

Сингапур президентининг ташрифи жавоб ташрифи бўлди – жорий йил январь ойида Ўзбекистон раҳбари Жануби-Шарқий Осиёдаги шаҳар-давлатга ташриф буюрганди. Ўзбекистон президентининг давлат ташрифи арафасида Сингапурда бизнес-форум бўлиб ўтди, унда умумий қиймати 5 миллиард долларга яқин сармоявий, савдо-молиявий шартномалар имзоланди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил муз майдончаси очилди

  • Марказий Осиё постсовет республикалари президентларининг рафиқалари — ким улар?

  • Ўзбекистонликлар интернетда президентни ҳақоратламагани маъқул — бунинг учун қамоқ жазосини олиши мумкин

  • Фирдавс Абдухолиқов Ўзбекистон маданий меросига оид янги китобларни тақдим этди