Қирғизистонда электр энергияси тақчиллиги 3,2 миллиард киловатт/соатга етган

Қирғизистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати фотосурати

Қирғизистонда жорий йили электр энергияси тақчиллиги 3,2 миллиард киловатт/соатга баҳоланмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазири Таалайбек Ибраев матбуот анжуманида маълум қилди, деб ёзади 24.kg.

«Қирғизистонда умумий истеъмол 17 миллиард 400 миллион киловатт/соатни ташкил қилади. 3,2 миллиард киловатт-соат тақчил энергияни импорт қилишни режалаштирмоқдамиз»,дея қўшимча қилди Ибраев.

ℹ️ Ўтган йили Қирғизистонга 2,5 млрд кВт/соат етишмаган.

Энергетика вазирлиги раҳбарининг айтишича, куз-қиш мавсумида мамлакат гидроэлектр станциялари (ГЭС) 14 миллиард киловатт-соат, Бишкек иссиқлик электр станцияси эса яна 1,9 миллиард киловатт-соат энергия ишлаб чиқаради. Дефицитни қоплаш учун Қирғизистон тўрт давлат билан электр энергияси бўйича қатор шартномалар имзолаган:

👉 Туркманистон 1,6 млрд кВт/соат қувват беради;

👉 Қозоғистон – 1,5 млрд кВт/соат;

👉 Россия – 400 миллион кВт/соат;

👉 Ўзбекистон – 250 миллион кВт/соат.

«Жами 3,8 миллиард киловатт-соат импорт қилинади. Бизда 3,2 миллиард киловатт-соат тақчиллиги бор, лекин биз уни захира билан олдик. Қандай қиш бўлишини олдиндан билолмайсиз. Шунинг учун бизда 600 миллион киловатт-соат захирамиз бор», — дейди Энергетика вазири.

Ибраевнинг таъкидлашича, куз-қиш даврида қирғизистонликлар энергетиклардан «тартибга солиш чоралари»ни кутишлари мумкин, улар ўтган қишда бўлгани каби, истеъмолнинг энг баланд нуқтасида электр энергиясини бир-икки соатга ўчириб, жиҳозлар бузилиб кетмаслиги учун юкламани пасайтиришади.

«Ҳеч қандай чекловлар бўлмайди. Фақат тирбанд пайтларда подстанцияга юк кўпайса, трансформатор ёниб кетмаслиги учун бошқасига ўтганмиз ва уч-тўрт кун электрсиз қолардик. Бир ярим соатдан икки соатгача вақт кетади. Бу вақт ичида ҳеч ким музлаб қолмайди»,дейди вазир.

3,2 миллиард киловатт-соат электр тақчиллиги Қирғизистонга 400 мегаватт қувват етишмаслигини англатади, деб тушунтирди Ибраев.

Муаммони бир неча ўнлаб гидроэлектр станциялари, қуёш ва шамол электр станцияларини ишга тушириш билан ҳал қилиш керак, уларнинг рўйхати 9 сентябрь куни Қирғизистон Бош вазири Оқилбек Жапаров томонидан ижтимоий тармоқларда эълон қилинган. Шундай қилиб, 2026 йилга қадар қуввати 0,5 дан 100 МВт гача бўлган 48 та электр станциясини қуриш ва фойдаланишга топшириш, бир қанча мавжуд ГЭСларни реконструкция қилиш режалаштирилган.

«Яна уч йил сабр қиламиз энди, ахир 30 йил сабр қилдикку. Энергиядан тежамкорлик билан фойдаланайлик. Агар керак бўлса, қишда кўчаларни ёритишни ўчирайлик. Буларнинг барчасига ҳозирги ҳукумат айбдор эмас. Агар аввалги ҳукуматлар йилига камида битта ГЭС қурганида, 30 йил ичида 30 та ГЭС пайдо бўлган бўларди», — дея Жапаровдан иқтибос келтиради Kloop.

ℹ️ 2023 йил 1 майдан бошлаб Қирғизистон аҳолиси учун электр энергияси нархи 30 фоизга ошиб, бир кВт/соат учун 1 сўмга (0,011 доллар) етди. 700 кВт/соат электр энергияси истеъмоли чегарасидан ошиб кетган тақдирда тариф бир кВт/соат учун 2,16 сўм (0,025 АҚШ доллари) миқдорида ҳисоблаб чиқилади. Жорий йил 1 августидан 2026 йилнинг охиригача республикада электр энергияси тақчиллиги кучайиши сабабли энергетика соҳасида фавқулодда ҳолат жорий этилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати