Хўжанд ҳарбий суди тўққиз нафар аскар бошидаги сочни қиртишлаб, унга ўз она шаҳри «Конибодом» сўзини ёздирган кичик сержант Мухриддин Исмоиловни беш йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда «Азия-Плюс» хабар беради.
Ҳукм 18 сентябрь куни чиқарилган. Суд мажлисидаги сўнгги сўзида Исмоилов қилмишидан пушаймон эканини айтган. У Тожикистон Жиноят кодексининг 391-моддаси 1-қисми («Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш») бўйича айбдор деб топилган.
«Озоди» (РФда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг тожик хизмати) суд ҳукми нусхасига таяниб, воқеа Исфарадаги «Чоркух» чегара постида содир бўлганини хабар қилади. 2022 йил 14 январда рота сартароши Исмоиловга ёнги келган аскарлар сочлари ва ташқи кўринишини тартибга солиш вазифаси юклатилади. У тўққиз нафар аскарни танлаб олади, уларнинг сочини қиртишлаб, бошларига «К», «О», «Н», «И», «Б», «О», «Д», «О», «М» ҳарфларини туширади ва бошқа сержантдан уни шу фонда суратга олишини сўрайди. Қайд этилишича, Исмоилов бу билан ўзининг «кимлигини» кўрсатиб қўймоқчи бўлган. Шу йилнинг июнь ойида, армиядан қайтганидан сўнг, у фотосуратларни Интернетга жойлаштиради.
Воқеа жамоатчилик эътирозига сабаб бўлади ва Тожикистон Бош прокуратураси эътиборини тортади. Исмоилов ва иккинчи сержант А.Давлатовларга нисбатан Жиноят кодексининг 391-моддаси билан иш очилади. Прокуратуранинг хабар беришича, Давлатов суратни интернетга жойлаштирган. У жазоланадими ёки йўқми, бунга аниқлик киритилмаган.
ℹ️ Тожикистон армиясида «дедовщина» кенг тарқалган иллат ҳисобланади. Масалан, май ойи охирида «Ворух» чегара постида аскарларнинг оммавий калтаклангани бўйича суд жараёни якунлангани хабар қилинган. Суд саккиз кишини айбдор деб топган: тўрт нафари 9,5 йил, қолганлари, жумладан «Ворух» биринчи чегара комендатураси бошлиғи, подполковник Нузхат Лазуриев 11,5 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Қуролли Кучлардаги бундай вазият фонида Бош прокуратура ҳарбий қисмларда текширув ўтказа бошлаган. Назорат органи раҳбари Юсуф Раҳмон «дедовщина» ва бошқа уставдан ташқари ҳолатларни аниқлаш мақсадида мазкур соҳада назоратни кучайтириш бўйича топшириқ берган.