Душанбе суди Беларусдан депортация қилинган мухолифатчини 8,5 йилга озодликдан маҳрум қилди

Низомиддин Насриддинов. Ижтимоий тармоқдан олинган фотосурат

Душанбенинг Исмоили Сомоний туман суди фаолияти тақиқланган «Гуруҳ 24» собиқ фаоли Низомиддин Насриддиновни 8,5 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда «Озоди» (РФда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг тожик хизмати) хабар берди.

Ҳукм 29 сентябрь куни эълон қилинган. Жараён иштирокчиларидан бири исмини ошкор қилмаслик шарти билан Насриддиновни конституциявий тузумни зўравонлик билан ўзгартиришга даъват этишда (Тожикистон Жиноят кодексининг 307-моддаси 2-қисми) айбдор деб топилганини маълум қилган. Фаол ўз айбини тан олмаган ва «у фақат битта видеода Тожикистон президенти Эмомали Раҳмонни танқид қилгани»ни тан олган.

«Озоди» манбасига кўра, маҳкама очиқ ўтган ва унда Насриддиновнинг уч нафар қариндоши иштирок этган. Маҳкум ҳукм устидан шикоят қилишни режалаштирган.

ℹ️ Низомиддин Насриддинов Тожикистонда тақиқланган «Гуруҳ 24» мухолифат сиёсий ҳаракатининг аъзоси бўлиб, 2011 йилдан буён Марказий Осиёнинг ушбу республикасида демократик ислоҳотлар ўтказиш тарафдори бўлган. 2015 йили фаол оиласи билан Германияга кўчиб ўтган, у ерда икки йилдан сўнг қочқин мақомини олган.

2017 йил ноябрида Тожикистон ҳукумати Насриддиновга нисбатан республика Жиноят кодексининг экстремистик фаолиятга оммавий даъватлар қилиш бўйича жиноий иш қўзғатган ва халқаро қидирувга берган.

2023 йил 8 январда Беларусь чегарачилари Литвадан мамлакатга кирмоқчи бўлган Насриддиновни Тожикистон ҳукумати талабига биноан қўлга олишган. Фаол Гроднодаги тергов изоляторига жойлаштирилган. 21 февраль куни Беларусь Бош прокуратураси Насриддиновни Тожикистонга экстрадиция қилишга қарор қилган. Март ойида бир қанча халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Минскни Насриддиновни ватанига экстрадиция қилишдан бош тортишга чақириб, унинг мухолиф сиёсий қарашлари туфайли у ерда қийноқлар кутаётганини қайд этишган. Бироқ, июль ойида фаол Душанбега экстрадиция қилинган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ