Украинага ўғирлаб кетилган Россия ҳарбий вертолёти штурмани Тожикистонда дафн қилинди

Хушбахт Турсунов. "Бомдод" сайти фотосурати

Тожикистон шимолидаги Канибодам шаҳрида россиялик ҳарбий авиация штурмани Хушбахт Турсуновнинг дафн маросими бўлиб ўтди, деб хабар беради «Бомдод».

Дафн маросими 7 октябрь куни бўлиб ўтган. Бир кун аввал Россиянинг Екатеринбург шаҳрида Турсунов билан видолашув маросими бўлиб ўтган. У ерда марҳумнинг саккиз ёшли ўғлига отаси тақдирланган «Жасорат» ордени топширилган.

Хушбахт Турсунов шу йилнинг 9 август куни ўлдирилган. Ўша куни Ми-8 вертолёти экипажи командири Максим Кузминов, унинг экипажи 35 ёшли штурман Турсунов ва 28 ёшли борт техник Никита Киряновдан иборат вертолётни Курск вилоятидан Украина ҳудудига ўғирлаб учиб кетади. Кузминов вертолёт етказиб берганлик учун 500 минг доллар олади ва унинг режасидан бехабар ва таслим бўлишдан бош тортган экипажнинг икки аъзоси ўлдирилади.

«Кузминовнинг сўзларига кўра, бортда ҳеч қандай қурол бўлмаган ва фақат у вертолётни бошқаришни билган. Натижада, ҳеч ким учувчига қаршилик кўрсата олмаган ва у «йигитларни тинчлантиришга» мажбур бўлган, бироқ йигитлар «тажовузкор ҳаракат қила бошлайдилар». Кузминовнинг таъкидлашича, қўнганидан сўнг икки экипаж аъзоси Ми-8дан сакраб тушиб, чегара томон югура бошлаган ва улар «йўқ қилинган» бўлишлари мумкин», — деб ёзади «База».

Турсуновнинг беваси Фарзонанинг «База» нашрига айтишича, ҳалок бўлган учувчиларнинг жасадларини қайтариш бўйича Украина томони билан музокаралар бир ярим ой давом этган. Унинг сўзларига кўра, дастлаб украиналиклар вертолёт штурмани ва борт техниги жасадлари учун тўрт нафар украиналик ҳарбий асирни беришларини талаб қилишган. Томонлар охири қандай шартлар асосида келишувга эришгани номаълум, бироқ Украина якунда иккала учувчи жасадини Россия томонига топширган.

ℹ️ Хушбахт Турсунов — Сизрань олий ҳарбий авиация уқув даргоҳини (СВВАУЛ) битирган. Ўқишдан сўнг Тожикистонга қайтиб келган ва у ерда бир неча йил Миллий гвардиянинг вертолёт бўлинмасида хизмат қилган. Аммо унга хизмат қилиш шартлари ёқмайди ва 2015 йили у Россияга кўчиб ўтади. Бу ерда у дастлаб қўриқчи бўлиб ишлайди, бироқ Россия фуқаролигини олгандан сўнг Россия Мудофаа вазирлиги билан беш йиллик шартнома имзолаб, ҳарбий хизматга ўтади. 2022 йил февралгача Турсунов Черниговка (Приморск ўлкаси) вертолёт полкида хизмат қилган, кейин унинг бўлинмаси Курск вилоятига, Украина чегарасига ўтказилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ