Москвада Тожикистон фуқароси жосусликда гумонланиб ҳибсга олинди

Yurist-dominion.ru сайти фотосурати

Москванинг Лефортово туман суди Тожикистон фуқаросини жосусликда гумон қилиб, ҳибсга олди. Бу ҳақда Россия пойтахти умумий юрисдикция судлари матбуот хизмати хабар берди.

«2023 йил 10 октабрь куни Москванинг Лефортово туман суди ёпиқ суд мажлисида терговчининг Тожикистон Республикаси фуқаросига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаш ҳақидаги илтимосномасини кўриб чиқди», — дея аниқлик киритади матбуот хизмати.

ТАСС хабарига кўра, «суд ФХХ (ФСБ) терговчисининг илтимосномасини қаноатлантирган ва Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 276-моддаси (жосуслик) билан гумон қилинаётган чет эл фуқароси Тиллозода Ш.га нисбатан 10 декабрга қадар қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаган.

Mash хабарига кўра, Россия пойтахти яқинида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг жойлашуви ҳақидаги маълумотларни мунтазам равишда Украина Хавфсизлик хизматига (СБУ) узатган Тожикистон фуқароси қўлга олинган.

Нашрнинг ёзишича, Тиллозода ёпиқ ҳарбий қисм ҳудудида қўлга олинган. Аввалига уни уста деб ўйлашган, бироқ унинг объектларни суратга олиб, хориждаги кураторларга юбораётгани маълум бўлган.

«Текширув у СБУ билан тўғридан-тўғри алоқа қилганлигини исботлаган», — дея таъкидлайди Mash.

Агар Тожикистон фуқароси айбдор деб топилса, 20 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

«Бомдод» интернет нашрининг хабар беришича, Тиллозода 1991 йил 7 апрелда Пенжикент шаҳри яқинидаги Филмандар қишлоғида туғилган. У ижтимоий тармоқларнинг жуда фаол фойдаланувчиси бўлиб, у ерда доимий равишда ўзининг фотосуратлари ва видеоларини эълон қилган, шунингдек, турк киносида ўзини синаб қўришга ҳаракат қилаётгани ҳақида гапирган.

Тиллозода ўзининг сўнгги хабарларида Москвада яшаб, ишлаётганини таъкидлаган.

9 сентябрь куни униг қизалоғи Душанбе шаҳрининг «Истиклол» касалхонасида туғилганини ёзган, 13 сентябрь куни эса отаси Тожикистонда вафот этгани ҳақида хабар берган, бироқ ўзи республикадан ташқарида бўлгани учун дафн маросимида қатнаша олмаган. 15 сентябрь куни Тиллозода «Россия, мен сенга ишонаман» ёзуви туширилган оқ бейсбол қалпоқчасини кийиб, шаҳар бўйлаб сайр қилиб, ресторанда тушлик қилаётгани ҳақидаги постларини нашр қила бошлаган.

Тиллозодани шахсан танийдиганлар уни тектакроқ, содда ва ишонувчан йигит, деб билишади. Улар бундай характерга эга одам жосуслик учун фойдали бўлиши мумкинлигига ишонмайдилар, дея қайд этади «Бомдод» нашри.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ