Ҳозирда Тожикистон қишлоқ хўжалиги ерларининг 95 фоизи деградацияга мойил. Бу ҳолат миллионлаб қишлоқ аҳолисининг ишлаш учун бошқа мамлакатларга кетаётганига сабаб бўлмоқда. Тегишли хулосалар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенциясининг «Марказий Осиёда ер деградацияси, иқлим ўзгариши ва миграция ўртасидаги боғлиқлик» мавзусидаги тадқиқотида келтирилган, деб ёзади «Азия-плюс».
«Ер деградацияси миграция учун муҳим турткидир, гарчи унинг таъсири билвосита бўлса ҳам. Аҳоли сонининг ўсиши ва аҳоли зичлиги натижасида юзага келадиган антропоген босимнинг кучайиши билан биргаликда ернинг деградацияси унумдор ер ва сув ресурсларининг камайишига, экинлар ҳосилдорлиги ва чорвачилик маҳсулдорлигининг пасайишига олиб келади», — дея хулоса қилади тадқиқот муаллифлари.
Экин майдонлари ва яйловларнинг яроқсизлиги аҳоли даромадлари ва турмуш даражасининг пасайишига олиб келади ва қишлоқ аҳолисини даромад излаб мамлакатни тарк этишга мажбур қилади.
Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, тожик деҳқони бир гектар ердан 7-8 ой меҳнат қилиб оладиган даромади Россияда бир ойда ишлаб топадиган пул билан тенг.
Умуман олганда, қурғоқчилик ва чўлланиш йилига 6 миллиард долларга яқин зарар келтирган Марказий Осиёда ҳар йили пул топиш учун кетаётганлар сони 2,5–4,3 миллион кишини ёки иқтисодий фаол аҳолининг 10–15 фоизини ташкил қилади.
Минтақадаги ҳар бир давлатда 20 дан 29% дан ортиқ ер яроқсиз ҳолатга келган, бу жараён кучайиш тенденциясига эга.
Энг юқори кўрсаткич Тожикистонда қайд этилган бўлиб, минтақа давлатлари орасида қишлоқ хўжалиги ерлари ўта кам ва деградацияга учраган ерларнинг энг юқори фоизи – 29% дан ортиқ.
Тожикистон Ёшлар экологик маркази маълумотларига кўра, ирригация ва дренаж инфратузилмаси деградацияси, тупроқ эрозияси ва иқлим ўзгаришининг салбий таъсири туфайли мамлакат ҳудудининг қарийб 95 фоизи атроф-муҳитнинг беқарорлашуви хавфи остида.
Сўнгги 30 йил ичида Тожикистонда 200 минг гектарга яқин экин майдонлари қишлоқ хўжалигидан тортиб олинган.
БМТ экспертларининг қайд этишича, миграцияни чекловчи омил барқарор қишлоқ хўжалиги бўлиб, уни ривожлантиришга меҳнат кучи экспорти иқтисодий моделига эга минтақа давлатлари – Тожикистон ва Қирғизистон интилиши керак.