Россия президенти Владимир Путин Москвадаги музокараларда тожикистонлик ҳамкасби Эмомали Раҳмонга Тожикистонда рус тили ривожи учун миннатдорчилик билдирди.
21 ноябрь куни Раҳмон расмий ташриф билан Россияга келди. Тор доирадаги музокарада Путин 2022 йили Тожикистонда Россия кўмагида қурилган бешта рус тилида ўқитиладиган мактаб очилганини эслатди.
«Бу йил ва кейинги йилларда Россия ҳукумати ушбу мактаблар дарсликлари учун 200 миллион [рубль] дан ажратади, биламан, улар етарли эмас, лекин қарор қабул қилинди. Тожикистонлик талабалар ва аспирантлар бизда таҳсил олишади. МДҲ давлатлари орасида энг катта квота Тожикистонга тўғри келади — 900 минг киши. Биз бу квотани 2024–2025 йиллар учун 1000 кишига оширмоқдамиз», — деди Путин.
«Раҳмат», — деб жавоб берди Раҳмон.
«Мен сизга раҳмат айтишим керак, зеро сиз рус тилини ривожлантиришга, маданият, умуман, гуманитар соҳадаги муносабатларимизга қанчалик эътибор қаратаётганингизни биламан. Биз келишиб олдик: ўз вақтида республикада Тожикистон иқтидорли болаларини тайёрлаш ва тарбиялаш маркази ҳамда Маяковский номидаги рус драма театрини ташкил этиш ташаббуси билан чиққандингиз – бу мақсадлар учун Россия Федерацияси ҳукумати тўрт ва мос равишда 3,5 миллиард рубль ажратади. Демакким, бу режалар амалга ошади», — дея Россия президентининг сўзларидан иқтибос келтиради Kremlin.ru.
ℹ️ Москвадаги музокараларда икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг ҳолати ва ривожланиш истиқболлари ҳамда Россия-Тожикистон стратегик шериклигининг бошқа муҳим жиҳатларини муҳокама қилиш режалаштирилган. Президентлар долзарб минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашадилар. Музокаралар якунида қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланади, президентлар ОАВ учун баёнотлар беради.