Тожикистон ва Қирғизистон топографик ишчи гуруҳлари давлат чегарасининг яна 24,01 км бўйича келишиб олди. Бу ҳақда 5 декабрь куни Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати хабар берди.
Аниқлик киритилишича, икки давлат расмийлари ўртасидаги учрашувлар 29 ноябрдан 5 декабрга қадар Тожикистоннинг Сўғд вилоятининг Бустон шаҳрида бўлиб ўтган. Музокаралар якунлари бўйича тегишли баённома тасдиқланган. Ҳужжатни ишчи гуруҳ раҳбарлари – Тожикистон ва Қирғизистон ер қўмиталари раҳбарлари – Ориф Хўжазода ва Назирбек Бўрубоев имзолаган.
Бундан ташқари, чегарани демаркация ва делимитация қилиш бўйича комиссия иши доирасида ҳар икки республика махсус хизматлари раҳбарлари даражасида музокаралар бўлиб ўтди ва унда «асосий қарорлар» қабул қилинди.
Жумладан, давлатлар бир-бирига қўшни давлат ҳудудида жойлашган ҳудудлардан фойдаланишга рухсат берган.
«Қирғизистон Тожикистон ҳудудида фойдаланадиган барча объектларга кириш доимий, узлуксиз бўлади, бироқ ер Тожикистон тасарруфида қолади. Тожикистон Қирғизистон ҳудудида фойдаланаётган барча объектлар Тожикистон томонидан абадий фойдаланилади, ерлар эса Қирғизистон ҳудудида қолади. Бу масалани жамоатчиликка эълон қилиш энг муҳим масаладир», — дейди Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Саймўмин Ятимов.
Унинг аниқлик киритишича, тегишли келишувлар Ворух-Хўжай-Аало йўли ва Тўрт-Кўчо ҳудудига тегишли.
Унинг қирғизистонлик ҳамкасби Қамчибек Ташиев бу борадаги прогрессни тасдиқлаб, томонлар «тўлиқ ечим» топишга яқин эканини қўшимча қилди.
Қирғизистон ҳукумати, ўз навбатида, қолган ҳудудларни тавсифлаш бўйича ишлар Қирғизистон ҳудудида бўлиб ўтадиган навбатдаги йиғилишда давом этишини таъкидлади.
2023 йили, айниқса сўнгги ойларда Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегарани делимитация ва демаркация қилиш бўйича икки томонлама комиссия фаоллашди – ишчи гуруҳлар доимий равишда учрашувлар ўтказишмоқда. Сўнгги уч ойнинг ўзида томонлар давлат чегарасининг қарийб 100 километри бўйича келишувни эълон қилди.
3-7 октабрь кунлари Боткенда икки давлат топографик ишчи гуруҳлари йиғилишида томонлар 43,32 км, 12-18 октабр кунлари Суғд вилоятининг Бўстон шаҳрида 13,98 км бўйича келишувлар эришди. Ноябр ойи бошида Бўстонда бўлиб ўтган топографик гуруҳлар йиғилишида давлат чегарасининг яна 17,98 километри тасдиқланди.