Янги йилдан Тожикистонда электр энергияси тарифлари 16 фоизга ошади

asiaplustj.info сайти фотосурати

2024 йил 1 январдан Тожикистонда электр энергияси тарифлари ошади. Шу тариқа, маиший истеъмолчилар ҳозиргидан 16 фоизга кўпроқ – бир киловатт-соат учун амалдаги 26,51 дирам (0,024 доллар) ўрнига 30,75 дирам (0,028 доллар) тўлайдилар. Бу ҳақда «Электр тақсимлаш тармоқлари» ОАЖ бош директори маслаҳатчиси Жўми Умаровга асосланиб «Азия-плюс» хабар беради.

Нашр суҳбатдошининг аниқлик киритишича, тарифларни ошириш бўйича ҳукумат қарори жорий йилнинг 29 ноябрида қабул қилинган. Умаровнинг сўзларига кўра, электр энергияси истеъмоли учун тўловларнинг ошиши барча тоифадаги истеъмолчиларга таъсир қилади.

Тожикистонда ресурс истеъмоли учун турли тарифлар мавжуд — фуқаролар, маълум ускуналардан фойдаланадиган корхоналар ва йирик саноат компаниялари учун.

Шундай қилиб, ҳозирги вақтда қуйидаги тўлов ўлчамлари амал қилади:

✔️ давлат сектори, коммунал хўжалиги ва спорт мажмуалари истеъмолчилари учун – бир киловатт/соат учун 26,51 дирам (0,024 доллар);

✔️ нодавлат таълим муассасалари учун – 45,51 дирам (0,042 доллар);

✔️ Мелиорация ва ирригация агентлигининг сув таъминоти насослари ва механик суғориш насос станциялари, таъмирлаш-ишлаб чиқариш базалари учун: 1 апрелдан 30 сентябргача – 9,2 дирам (0,0084 доллар), 1 октябрдан 31 мартгача – 26,51 дирам (0,024 АҚШ доллари);

✔️ вертикал мелиоратив насос станциялари учун — 9,2 дирам ($0,0084);

✔️ ичимлик суви насослари (алоҳида насослардан ташқари) ва канализация учун — 12,6 дирам ($0,012);

✔️ «Тожик металлургия заводи» учун: 1 майдан 30 сентябргача – 10,64 дирам (0,0097 доллар), 1 октабрдан 30 апрелгача – 60,65 дирам (0,055 доллар);

✔️ «Тожикистон алюминий компанияси» (ТАЛКО) учун — 15,57 дирам ($0,014).

2016 йилгача республика ҳукумати электр энергияси тарифларини жуфт сонли йилларда, кейинчалик эса ҳар йили ошириб бормоқда.

2020 ва 2021 йиллар бундан мустасно бўлиб, бу рақамлар коронавирус пандемияси сабабли қайта кўриб чиқилмаган. Охирги марта барча тоифадаги истеъмолчилар учун электр энергияси учун тўловлар 2022 йил 1 октабрдан оширилган эди. Тўғри, ўшанда бу норма жорий йил 1 январидан тарифи оширилган ТАЛКО компаниясига таъсир қилмаган.

Шу билан бирга, «Азия-плюс» ёзганидек, Кўлоб вилоятининг айрим ҳудудларида аҳоли ушбу коммунал хизмат ҳақини ўз вақтида тўламаган қўшнилар туфайли электр таъминотидан маҳрум бўлиш ҳолатларига дуч келмоқда. Бундан ташқари, агар бирон-бир аҳоли пунктида истеъмолчиларнинг 15-20 фоизи қарзга ботган бўлса, бутун аҳоли пункти электр энергиясидан маҳрум қилинади. Ва ҳатто ишончли тўловчилар ҳам бир неча кун электрсиз ўтириши мумкин. Электр тақсимлаш тармоқлари филиалида таъкидланганидек, айрим ҳудудларда уйма-уй юриб, қарздорларни шахсан узиб қўйиш учун электрчилар етарли эмас. Шу боис бутун қишлоқни электр энергияси билан таъминлайдиган юқори вольтли линияни вақтинча узиб қўйиш осонроқ кечади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ