Ўзбекистон банклари 2024 йили 2,3 миллиард долларлик хорижий кредитларни жалб қилади

goodfon.com сайти фотосурати

2024 йили Ўзбекистоннинг 11 та банки 2,3 миллиард доллар миқдорида хорижий кредит ресурсларини жалб қилади. Бу ҳақда республика инвестиция дастурини йилнинг биринчи чорагида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарорига таяниб Norma.uz хабар берди.

Хорижий ресурсларни 70 та кредит линиялари доирасида жалб этиш режалаштирилган.

Жорий йилнинг биринчи кварталида саноат ва ҳудудларга 7,2 миллиард доллар миқдорида хорижий сармоя киритилади.

Жумладан, саноат тармоқлари орасида энг кўп (деярли 1,7 миллиард доллар) Энергетика вазирлиги, энг камини эса Ўрмон хўжалиги агентлиги (1,5 миллион доллар) ўзлаштириши режалаштирган.

Ҳудудлар кесимида Тошкент шаҳар ҳокимлиги етакчилик қилмоқда – 428 миллион доллар, энг паст кўрсаткич – Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгашида – қарийб 50 миллион доллар.

Ҳукуматнинг худди шу қарори билан умумий қиймати қарийб 33 миллиард долларга тенг 276 та истиқболли инвестиция лойиҳасидан иборат манзилли дастур тасдиқланди.

ℹ️ 2023 йили Ўзбекистонга халқаро кредитлар кўринишидаги жами 2,8 миллиард доллар маблағ жалб қилинган бўлиб, бу маблағларнинг асосий қисми – 871,8 миллион доллари энергетикани ривожлантиришга, 473,3 миллион доллари транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга, қишлоқ ва сув хўжалигини ривожлантиришга 299 доллар, иқтисодиёт тармоғига 242,8 миллион доллар, соғлиқни сақлаш соҳасига 163,1 миллион доллар маблағ ўзлаштирилиши учун йўналтирилган. Ушбу маблағлар ўзлаштирили натижасида Ўзбекистонда натижасида 300 километр автомобил йўллари, 420 километр ичимлик суви тармоқлари, 100 километр канализация тармоқлари ва бошқа муҳим инфратузилма объектлари барпо этилди.

ℹ️ Декабрь ойи охирида Жаҳон банки Ижроия директорлари кенгаши Ўзбекистонга ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун 800 миллион доллар миқдорида кредитлар ажратишни маъқуллаганди. Ресурслар «махсус имтиёзли шартлар асосида» – халқаро молия бозорларида мавжуд вариантларга нисбатан пастроқ фоиз ставкасида ва узоқроқ муддатга ажратилади. Кредитлар энергетика, темир йўл, кимё саноати ва бошқа қатор тармоқлардаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ва зарур чора-тадбирларни кўриш, шунингдек, ижтимоий ҳимоя, аёлларни зулм ва зўравонликдан ҳимоя қилишга йўналтирилади.