Япония Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун 246 миллион доллар кредит ажратади

Ўзбек-япон саммити. Spot.uz сайти фотосурати

Япония ҳукумати Ўзбекистонга иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш дастурларини амалга ошириш учун 37 миллиард япон иенаси (246,2 миллион доллар) миқдорида кредит ажратади. Бу ҳақда Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) матбуот хизмати хабар берди.

Кредит 30 йил муддатга берилади, шундан дастлабки 10 йил имтиёзли давр ҳисобланади. Фоиз ставкаси йилига 1,8%. Кредит шартномасини Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги раҳбарининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов ва республикадаги (JICA) ваколатхонаси раҳбари Ёшибуми Бито имзолади.

Кредит Ўзбекистон ҳукуматини бозор иқтисодиётига ўтиш билан боғлиқ амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ижтимоий инклюзивлик ва барқарорликни ошириш, жумладан, иқтисодий ислоҳотларга айниқса мойил бўлган аҳолининг заиф қатламларини ҳимоя қилиш учун мўлжалланган.

«Бозор институтларини мустаҳкамлаш ва хусусий сектор ўсиши учун шарт-шароитларни қўллаб-қувватлаш, давлат корхоналарини бошқаришни такомиллаштириш, ижтимоий инклюзивлик ва барқарорликни ошириш орқали ушбу кредит ЦУР 1 (камбағалликка барҳам бериш), 5 (гендер тенглиги) ва 8 (муносиб меҳнат ва иқтисодий ўсиш) мақсадларга эришишга ёрдам беради»,— дейилади хабарда.

ℹ️ Ўзбекистоннинг JICA билан ҳамкорлиги 1993 йили бошланган. 1999 йили Агентлик Тошкентда ўз ваколатхонасини очади ва у 2003 йили ташкилотнинг хориждаги энг муҳим ўттизта ваколатхоналари рўйхатига кирган.

Ўтган вақт мобайнида Агентлик Ўзбекистонда телекоммуникация тармоқларини кенгайтириш, Самарқанд, Бухоро, Урганч аэропортларини реконструкция қилиш, темир йўлни модернизация қилиш, Толимаржон ГЭСини кенгайтириш ишларини амалга оширди. Ҳозирда JICA билан ҳамкорликда Қарши-Термиз темир йўлини электр билан таъминлаш, Навоий ИЭСини модернизация қилиш, Аму-Бухоро суғориш тизимини қайта тиклаш ва бошқа лойиҳаларни амалга ошириш кўзланмоқда.